Яқин 10-15 йил ичида Украинани альянсга қўшишнинг иложи йўқ — НАТО
Олам
−
21 Июнь 2021
4628НАТО яқин 10-15 йил ичида Украинани Шимолий Атлантика альянсига қўшмоқчи эмас. Бу ҳақда “Известия” хабар бермоқда.
Манбага кўра, альянс Украина билан ҳамкорлик қилишга қатъий қарор қилган, аммо ташкилот аъзолари мамлакатни ўз сафларига қабул қилмоқчи эмаслар, чунки бундай қарор Россия билан муносабатларнинг жиддий ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
“Қийинчилик ҳаттоки ҳал қилинмаган ҳудудий муаммоларда ҳам эмас, балки НАТОда АҚШдан бошқа ҳеч ким Россия Федерацияси билан бундай очиқ эскалацияга боришни истамаслигидадир”, дейилган хабарда.
Шунингдек, манба суҳбатдоши Грузия альянсга аъзо бўлиш учун Черногорияга қараганда анча тайёр эканлигини таъкидлаган.
“Аммо у ҳам Украина билан бир хил сабабларга кўра НАТОга қабул қилинмайди”, дея қўшимча қилинган манбада.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини нима белгилаб беришини маълум қилганди. Оқ уй раҳбари Украина альянсни унга аъзо бўлиш учун лойиқ эканига ишонтириши, бунинг учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилиши кераклигини айтганди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Украина НАТОнинг тўлиқ аъзосига айланиш ҳаракатида бўлса-да, буни амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам қийин. Шунга қарамасдан, Украина ҳарбий-сиёсий блок сафига қўшилиш йўлида бир нечта қадамни босиб ўтган.
Хусусан, Украина Президенти Владимир Зеленский “НАТО-Украина Комиссияси ҳомийлигида 2020 йилга мўлжалланган йиллик миллий дастур тўғрисида”ги фармонни имзолаган бўлса, ўша йилнинг ўзида НАТО Украинага кенгайтирилган имкониятларга эга шериклик мақомини тақдим қилган. Бундан ташқари, НАТО Украина ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказишда ёрдам бериб келмоқда.
LiveБарчаси