НАТО альянсга қўшилиш учун Украинадан нималарни талаб қилмоқда?
Олам
−
16 Июнь 2021
4854Украина НАТОга аъзо бўлиш учун мамлакатда коррупцияга қарши кўпроқ чоралар кўриши керак. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бир гуруҳ ҳарбий кузатувчилар билан учрашув пайтида айтиб ўтди.
Столтенберг Украина ҳозирда альянсга аъзо бўлиш учун номзод мамлакат эканлигини тушунтирган. Таъкидланишича, у НАТОга қўшилиш учун ташкилотга аъзо барча 30 мамлакатнинг розилигини олиши керак.
“Биз ахлоқий асосларни мустаҳкамлаш учун турли хил дастурларга эгамиз, улар, асосан, ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашишга бағишланган. Украина бу борадаги ишларни аллақачон бошлаган, аммо бизга кўпроқ нарса керак. Уларни тўлиқ амалга ошириш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз лозим”, деган НАТО Бош котиби.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши шартларини маълум қилганди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Украина НАТОнинг тўлиқ аъзосига айланиш ҳаракатида бўлса-да, буни амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам қийин. Шунга қарамасдан, Украина ҳарбий-сиёсий блок сафига қўшилиш йўлида бир нечта қадамни босиб ўтган.
Хусусан, Украина Президенти Владимир Зеленский “НАТО-Украина Комиссияси ҳомийлигида 2020 йилга мўлжалланган йиллик миллий дастур тўғрисида”ги фармонни имзолаган бўлса, ўша йилнинг ўзида НАТО Украинага кенгайтирилган имкониятларга эга шериклик мақомини тақдим қилган. Бундан ташқари, НАТО Украина ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказишда ёрдам бериб келмоқда.