“Ягона буюртмачи хизмати” ДУК ташкил этилади
Жамият
−
16 Апрель 2019
15239Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонасини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қарорга биноан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонасини ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Инжиниринг компаниясининг таъсисчиси ҳисобланади.
Инжиниринг компаниясига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасалар объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш лойиҳаларини амалга оширишда буюртмачи вазифасини бажариш юклатилади.
Инжиниринг компаниясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
• Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимидаги иншоотларни, шу жумладан инновацион иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек мебель, жиҳозлар ҳамда техника воситалари билан таъминлаш;
• инновацион иншоотлари қурилишида белгиланган тартибда лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлаш, пудрат шартномаларини тузиш, қурилиш-тиклаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
• инновацион иншоотларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилиши бўйича прогноз режалари бажарилиши ижросини таъминлаш;
• лойиҳа ечимлари самарадорлигини, шаҳарсозлик ва архитектура талабларига мос келишини таъминлаш;
• соҳага ажратилган капитал қўйилмалардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш циклларини қисқартириш.
Қуйидагилар Инжиниринг компанияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланмоқда:
• Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ инновацион иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари манзилли дастурда кўзда тутилган капитал қўйилмалар лимитлари қийматидан ажратмалар;
• хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;
• халқаро молия институтларининг кредит ва грант маблағлари;
• юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Инжиниринг компаниясига зарур мебель жиҳозлари, компьютер техникаси ва бошқа анжомлар билан таъминлаши лозим.
Белгилаб қўйилмоқдаки:
• Инжиниринг компаниясининг Устав фонди Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади;
• Инжиниринг компанияси фаолиятини бошланғич босқичда (2019 йилнинг якунига қадар) молиялаштириш Инжиниринг компанияси томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
• Инжиниринг компаниясининг тузилмаси ва штатлар жадвали Вазирлар Маҳкамасининг “Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини лойиҳалаштириш ишларини ва экспертизадан ўтказишни такомиллаштиришга доир чора тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ шакллантирилади;
• Инжиниринг компанияси инновацион объектларини замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган иншоотлар қурилишини таъминлаш мақсадида, зарурат бўлганда объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни, жумладан, лойиҳа ташкилотларини жалб қилади ва белгиланган тартибда шартномалар тузади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Инжиниринг компанияси Уставини тасдиқлаши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.
Инжиниринг компанияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги жойлашган бинога бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши мумкин.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдураҳмонов зиммасига юкланади.
LiveБарчаси