Ҳам кулгили, ҳам мантиқсиз. Вазирлик Беҳруз Ҳамзаевни туҳматда айблади
Жамият
−
28 Май 2020
12419Жорий йилнинг 26 май куни блогер Кирилл Альтманнинг Беҳруз Ҳамзаевдан олган интервьюси эълон қилинди. Мазкур интервьюда Беҳруз Ҳамзаев World Influencers Network асосчиси, “ZIYO FORUM” ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари, Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилишининг ташаббускори, ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг собиқ маслаҳатчиси, Ўзбекистонда амалга оширилган кўплаб лойиҳалар, концепциялар, стратегиялар ва қонунларнинг муаллифи сифатида таништирилди.
Беҳруз Ҳамзаев суҳбат давомида “Инновацион ривожланиш вазирлигининг ғояси мендан чиққан, улар вазирлик номини ҳам нотўғри қўйган” деб фикр билдирган. Ҳамзаевнинг ушбу иддаосига Инновацион ривожланиш вазирлиги раддия берди.
“Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги №ПФ-5264 сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги №ПҚ-3416 сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорини ёзиш ишларида унинг иштироки ҳақида ҳеч қандай расмий маълумотлар ҳам йўқ.
Тўғри, Беҳруз Ҳамзаев кўрсатган “Ўзбекистон Республикасининг келажак, новаторлик ва ҳамкорлик вазирлиги” деб номланган брошюраси уч йил аввал ўзи тилга олмаган масъул ходимларга тақдим этилган ва унинг бу ғоясини кимдир қўллаб-қувватлаган ҳам бўлиши мумкиндир. Лекин бу унинг “Инновацион ривожланиш вазирлигини мен ташкил этганман” дейиши учун зинҳор асос бўла олмайди. Бундан ташқари, Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлигида расман фаолият юритмаган, унинг акаси Беҳзод Ҳамзаев бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган даврда Беҳруз акасини олдида юрган.
Беҳруз Ҳамзаев Президентнинг вазирлик ташкил этилиши тўғрисидаги Қарори ва Фармонини ёзганини, бу қарорлар билан Бирлашган Араб Амирликларининг Келажак вазирлиги каби Инновацион ривожланиш вазирлигига Вазирлар Маҳкамасининг вазифалари берилганини, айни кунларда вазирлик “супер вазирлик” сифатида ўз вазифаларини бажармаётгани бўйича эътирозларини баён этади. Бироқ у тилга олган lex.uz сайтидаги Қарор ва Фармон билан танишган ҳар бир инсон вазирлик Вазирлар Маҳкамасига тенглаштирилмаганига ҳамда унинг вазифалари ва функциялари Беҳруз Ҳамзаев тасвирлаганидан ўзгача эканига амин бўлиши мумкин.
Шу ўринда Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бирор иш қилмагани ҳақида ҳам гапиради. Бу гапларининг ўринсиз ва асоссиз, жоиз бўлса, шу вазирликда фаолият юритган ва юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан туҳмат эканига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилганидан бошлаб амалга оширилган асосий фаолияти натижалари тўғрисида маълумот билан танишиб амин бўлиш мумкин.
Беҳруз Ҳамзаевнинг вазирликни ташкил этилиши бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун 50 минг АҚШ доллари сарфлагани ҳақидаги гапи эса Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти билан озроқ бўлса-да таниш бўлган ҳар қандай киши учун ҳам кулгили, ҳам мантиқсиз иддаодир.
Инновацион ривожланиш вазирлиги шубҳасиз иқтидорли ёш мутахассис, туризм соҳасида амалга оширган лойиҳалари билан танилган Беҳруз Ҳамзаевнинг кейинги ишларига муваффақиятлар тилайди ва келажакда у томонидан таклиф этилиши мумкин бўлган юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган амалий лойиҳалар бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Ўз навбатида, вазирлик блогер Кирилл Альтмандан шу каби мантиқсиз интервьюларни тарқатмасликни сўраган ҳамда блогернинг суҳбатдоши томонидан берилган фикрлар ва мулоҳазалар давлат органини ҳақоратлаш билан баравар эканини эслатган.
LiveБарчаси