Яҳудийларнинг талаби билан Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти бекор қилинди (видео)
Маданият-санъат
−
06 Сентябрь
62514Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг АҚШнинг Нью-Йорк штатида 14 сентябрь куни ўтказилиши керак бўлган анъанавий концерти Америкадаги яҳудий диаспорасининг норозилиги ортидан бекор қилинди. Бу ҳақда АҚШдаги ўзбек журналисти Санъат Шарипов маълум қилди.
Қайд этилишича, Юлдуз Усмонованинг “Besh yulduz Entertainment” МЧЖ томонидан ташкиллаштирилган Нью-Йоркдаги концерти 14 сентябрга белгиланган эди. Лекин унинг яқинда Исроилни қоралаб қилган чиқиши ва яҳудий маҳсулотларини бойкот қилишга чақириши Бухоро яҳудийларининг норозилигига сабаб бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан концерт бекор қилинган. The Oceana Theater сайтида сотувга чиқарилган чипталар ўчириб юборилган.
Эндиликда фақат 1 та концерт, у ҳам бўлса, ўзбек диаспораси унча кўп бўлмаган Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида бўлади. 2009 йилдан бери Star Entertainment ташкилоти кўмагида Нью-Йоркда концерт ўтказиб келган Усмонованинг ўзи тадбир бекор қилинганини тасдиқлаган бўлса-да, бунинг сабабини очиқлашни истамаган.
“7 сентябрда Цинциннатида кўришамиз, бошқа штатларга боролмаймиз, вазият шунақа бўлиб қолди”, деган қўшиқчи.
Айрим маълумотларга кўра, АҚШдаги яҳудийлар Усмонованинг концертини бекор қилдириш билан бир қаторда унинг шу пайтгача АҚШда ўтказган тадбирларини сарҳисоб қилган ҳолда солиққа тортиш кераклигини иддао қилган.
Ўзбекистон халқ артисти олдинроқ ўзининг Instagram саҳифасида Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарога муносабат билдириб, Исроилни босқинчиликда айблаб, уни давлат деб ҳисобламаслигини айтган. Кейинроқ эса у Исроил маҳсулотларини бойкот қилишга чақирган.
Бу баёнот АҚШ ва Исроилдаги Бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб ва хавотир билан қаршиланди. Жамоа вакиллари Усмонова “антисемит оҳангидаги” чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши кераклигини айтган.
Маълумот учун, 2014 йилда ҳам Нью-Йоркда Юлдуз Усмонованинг концерти бекор қилинган. Концертнинг бекор қилинишига таклифномада фақат Юлдуз Усмонованинг ўзигина кўрсатилгани сабабчи бўлган. Ташкилотчилар хонанданинг АҚШга кириш визасини расмийлаштирган, бироқ унинг созандалари ҳақида унутиб қўйишган. Оқибатда созандалар ўз вақтида виза расмийлаштира олмаган ва концертни бекор қилишга тўғри келган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь