WSJ журналисти Россияда “ноҳақ ҳибсга олинган” деб тан олинди
Олам
−
11 Апрель 2023
5236АҚШ Давлат департаменти “The Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковични ноҳақ ҳибсга олинган, деб эълон қилди. Мазкур қадам журналистни алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга потенциал йўл очади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
АҚШ ҳукумати журналистни озод қилиш мақсадида Россияга босим ўтказиш учун кенг кўламли саъй-ҳаракатларни бошлаган. Гершкович иши билан Давлат департаменти таркибидаги АҚШ Президентининг гаровга олинганлар ишлари бўйича махсус вакили офиси шуғулланмоқда. Бу бўлим бошқа мамлакатларда ноҳақ ушлаб турилган америкаликларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб боради.
“Журналистика жиноят эмас. Биз Россия Федерациясини жаноб Гершковични зудлик билан озод қилишга чақирамиз”, дейди Давлат департаменти матбуот котиби Ведант Пател.
Бундан ташқари, Давлат департаменти Россияни яна бир америкалик Пол Уиланни ҳам ноҳақ ҳибсга олинганини эълон қилган ва уни ҳам озод қилишга чақирди. Пол Уилан Россияда 16 йилга колонияга ҳукм қилинган ва ҳозир ҳам у қамоқда. Унинг оиласи айбловлар сохта эканини айтади.
Эслатиб ўтамиз, WSJ мухбири Эван Гершкович март ойи охирида Екатеринбургда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати журналистни Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотларни тўплаганликда айблаганди. WSJ ва АҚШ ҳукумати бу айбловларни рад этган, давлат департаменти эса Россиядаги америка фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди. 2 апрель куни эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали гаплашиб, журналистни озод этишни талаб қилганди.