Weekend: Франциядан Фаластинга хушхабар, Россия босқинига шерик бўлган хитойликлар

Таҳлил

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзи бошлаган савдо урушида баъзи давлатларнинг бўйин эгишига эришаётган бўлса-да, асосий кўзланган мақсади – Хитой билан режалар барбод бўлишига яқин. Трамп бошчилигидаги АҚШнинг бугунги Хитойга ҳозирча “тиши ўтмаяпти”.

Европанинг айни дамдаги энг асосий етакчиси сифатида кўриладиган Францияга Ғазодаги қирғинларнинг дод-фарёдлари ниҳоят етиб келгандек кўринади. Мамлакат Президенти Эммануэль Макрон Фаластинни давлат сифатида тан олмоқчи. Агар у бу билан АҚШга қарши қурол сифатида фойдаланишни режа қилмаган бўлса, мазкур қарор Фаластин тарихидаги бурилиш нуқта бўлиши шубҳасиз.

Тугаб бораётган ҳафта сўнгида охирги 10 кунликда бутун дунёни хавотирга солган АҚШ ва Эроннинг эҳтимолий тўқнашувини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Ҳозирча бу борада қандайдир яхши натижалар борлиги айтилди.

Европада “янги Трамп” пайдо бўлди. Аниқроғи узоқ йиллардан буён Франциядаги оппозиция етакчиси Марин Ле Пенга чиқарилган суд ҳукми ва уни президентлик пойгасидан четлатилиши ортидан ушбу аёл сиёсатчини Трампга қиёслаш бошланди. 

Тугаб бораётган ҳафта давомида дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастури ва биз бошладик.

“Чучварани хом санаган” Трамп

Ядро урушида ғолиблар бўлмайди дейишади. Ҳеч ким ғалаба қозонмайдиган ва тарафларнинг биронтасига наф келтирмайдиган яна бир шундай тўқнашув мавжуд. Бу асосий қуроли кўтарилган божлар ҳисобланмиш савдо урушидир. Трамп томонидан февраль ойида аста-секин старт берилган бу можаро бугунга келиб кутилганидан ортиқ кескинлашди. Иқтисодий сферада кечаётган бу жараён бир неча 10 йилликлардан буён шаклланган дунё сиёсий тизимини тубдан ўзгартириш эҳтимоли жуда юқори. Чунки мазкур можародаги томонлар айни дамда иккита: АҚШ ва ер юзидаги қуруқликнинг қолган қисми. Жараён айнан шуниси билан қизиқ кўриниш олди. Бундан ташқари, бир неча йиллар илгари кимдир тахмин қилса, ҳеч ким ишонмайдиган воқеалар айнан шу савдо урушининг ортидан реалликка айланишга яқин. Европа Иттифоқи ва Хитойнинг АҚШга қарши бирлашув эҳтимоли шулар жумласидандир. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 20 январь куни инаугурация маросимида айтган режасига мувофиқ февраль ойида Мексика, Канада ва Хитойдан келадиган товарларга янги бож тарифларини жорий этди. Нишондаги ушбу 3 давлат Трампнинг бу ҳаракатига ўз норозиликларини билдирди. Мексика ва Канада эса Трампнинг миграция ва наркотрафик масалаларидаги талабини қондириш эвазига бу қарорни 1 ойга музлатишга эришди. Бироқ муддат ўз якунига етгач, қарор ўз кучида қолди ва дунё миқёсида янги “уруш”ни бошлаб берди. Дастлаб, 10-25 фоиз атрофида жорий қилинган янги тарифлар вақт ўтиб Трампни қониқтирмади. 2 апрель куни АҚШнинг амалдаги Президенти бутун дунё бўйлаб деярли барча давлатларга бож ставкаларини жорий қилди. Уларнинг сони 185 тадир. Бундан пингвинлардан бошқа биров яшамайдиган орол ҳам четда қолмади. Энг юқори божлар Хитой, Вьетнам ва Камбоджа маҳсулотларига қўлланилди. Дональд Трамп АҚШ иқтисодиётида фавқулодда ҳолат эълон қилиб, шу орқали божларни белгилаш бўйича кенг ваколатларга эга бўлди.

Аммо энг мураккаб жараён булар эмас. Трамп очган савдо урушидаги асосий нишон Хитой бўлиб қолмоқда. Юқорида Хитойга 34 фоизлик тариф жорий қилингани ҳақида сўз борди. Бироқ бу умумий миқдор эмас. 2 апрелдаги янгиликдан кейин Хитой, Канада ва Европа Иттифоқини ҳисобга олмаганда, кўплаб дунё давлатлари ўз муносабатини билдирди, аммо бу баёнотлар жуда вазмин ва эҳтиёткорона кўринишда бўлди. Улар сиёсий этикетдан анча йироқ бўлган Трампга душман бўлиб қолишдан чўчиши кўриниб турибди ва бу йўлда “қария”нинг нишонига айланиб қолмаслик ҳозир энг устувор масалалардан бирига айлангани табиий. Дональд Трампнинг АҚШга кирадиган барча товарларга бож солиш ва Қўшма Штатларнинг энг йирик савдо ҳамкорларига алоҳида тарифлар жорий этиш ҳақидаги қарори мамлакатдаги фонд бозорининг қулашига олиб келди. АҚШнинг энг йирик компаниялари акциялари 2 триллион долларга арзонлашган. АҚШ бозорининг умумий капитализацияси 2,7 триллион долларга камайган – бу 2020 йилдан бери энг йирик кўрсаткичдир. 
“The News York Times” нашрига кўра, Трампнинг энг йирик донорларидан айримлари миллиардлаб зарар кўрган: Tesla акциялари қулашидан Илон Маск 6 миллиард доллар йўқотган бўлса, Blackstone Group инвестиция фонди раҳбари Стивен Шварсман 3 миллиард доллардан айрилган. “Forbes” хабарига кўра, Трампнинг ўзи ҳам бу тарифлари ортидан қисқа вақт ичида ярим миллиард доллар йўқотган. 

Бу орада эса АҚШ “тахти”ни эгаллашга қаратилган баёнотлар янграй бошлади. Канада Бош вазири Марк Карни Оттава Вашингтон ўрнига дунё етакчиси бўлишга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг глобал таъсири заифлашаётган бир вақтда Канада давлатларнинг янги коалициясига етакчилик қилишга тайёр. Карни Америка Қўшма Штатларининг 80 йиллик етакчилик даври ниҳоясига етганини қайд этган ва ишонч ҳамда эркин савдо асосида тузилган иттифоқлар даври ортда қолганини таъкидлаган. Хитой эса Трамп келтириб чиқарган бож инқирозига муаммо эмас, балки имконият сифатида қарашга ҳаракат қиляпти. Дунёнинг аксар давлатлари АҚШ Президенти томонидан эълон қилинган тарифлар бўйича имтиёзлар сўраб музокаралар олиб бораётган бир пайтда, Хитой бутунлай бошқача йўл тутмоқда. Шу чоққача 70 дан ортиқ давлат божлар юзасидан музокара қилиш ҳақида АҚШга мурожаат йўллаган бўлса, Хитой бу урушни охирига етказиб қўйишга тайёрлигини керакли жойларга билдириб қўйди. Трампнинг бозорни ларзага солган божлар ҳақидаги баёнотидан атиги 48 соат ўтиши билан дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт — Хитой худди Канада каби АҚШ товарлари ва компанияларига қарши жазо чораларини жорий этиб, 34 фоизлик божлар билан жавоб қайтарди. Шундан сўнг икки ўртада “тарифлар пойгаси” бошланди. Трамп Хитойга қўйилган божларни 84 фоизга оширди. Бу рақам қисқа вақтдан сўнг, 104 фоизгача оширилди. Ўз навбатида Хитой ҳам АҚШга 84 фоизлик янги тарифлар билан жавоб қайтарди. Бу қарор Дональд Трампни шубҳасиз саросимага солди. Чунки мазкур баҳсдан кейин у 75 та давлатга 2 апрелда жорий қилинган янги тарифларни 90 кунга кечиктиришини эълон қилди. Лекин бу масалада Хитой аксинча йўл тутгани боис унга нисбатан белгиланган миқдор 104 дан 125 фоизгача оширилгани айтилди. 10 апрелда тарқалган хабарларда эса Хитойга қўйилган тарифлар 125 фоиз эмас, балки АҚШ Президенти Дональд Трамп ихтиёрига кўра, 145 фоизгача оширилгани маълум бўлди. Хитой ҳам бунга илгаригиси каби зудлик билан жавоб қайтарди ва АҚШ маҳсулотларига бож ставкаларини 84 фоиздан 125 фоизгача оширди. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги савдо жанги ҳозиргача бўлган вақт ичида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.

Аммо бу можарода АҚШнинг кўплаб давлатларга нисбатан киритган янги тарифларини 90 кунга кечиктириши унинг Хитойга қарши савдо урушида ғалаба қозона олмаслигидан қўрққани билан изоҳланади. Чунки бу орада ЕИ ва Хитойнинг эҳтимолий яқинлашиш эҳтимоли жуда юқорилаб кетди.  Ҳатто 11 апрель куни Хитой Раиси Си Цзиньпин Пекинда Испания Бош вазири Педро Санчес билан учрашувда Европа Иттифоқига ҳамкорлик ва АҚШга қарши бирлашиш таклифини берди. Айни дамда эса Трамп ЕИга ҳам тарифлар бўйича пауза эълон қилган, Иттифоқ ҳам ўз навбатида АҚШга жавоб чоралари қўллашни тўхтатган. Бироқ, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра, АҚШ билан ўтказиладиган музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда, қарши чоралар яна кун тартибига қайтади. Бу эса бир-бирига стратегик жиҳатдан душманона руҳда бўлган икки субъектнинг яқинлашув эҳтимоли борлигини англатади. Устига-устак бугун ЕИ ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси АҚШ ва Хитой ўртасидаги айланмадан анча кўп. Масалан, 2024 йилда Хитойнинг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси 785,82 миллиард долларни ташкил этган. 

Украинага босқинда қатнашаётган хитойликлар

Россиянинг Украинага босқинига дастлаб кенг миқёсда Шимолий Кореядан аскарлар жалб қилинганди. Бу Москва ва Пхеньян ўртасида давлат даражасидаги келишувга кўра амалга оширилди. Ким режими ўшанда ўзининг минглаб фуқароларини бир чуқум дон ва баъзи техник ёрдамлар эвазига Россияга “сотиб юборганди”. Бу алмашинув ҳали ҳануз давом этаётгани ҳақида ҳар ой маълумотлар янгиланиб туради. Энди эса Украина ерларида хитойликлар ҳам пайдо бўла бошлади. Ҳозиргача мавжуд маълумотларга кўра, Хитой фуқаролари Шимолий Кореядан фарқли ўлароқ давлат томонидан жўнатилмаган, аксинча улар ёлланма аскар сифатида бу босқинда иштирок этмоқда. Уларнинг аниқ сони ҳозиргача номаълум бўлса-да, бу борада бир қатор тахминлар ва далиллар мавжуд. Жорий ҳафтада Украина Қуролли кучлари Россия армияси томонида жанг қилган икки нафар Хитой фуқаросини асирга олгани маълум бўлди. Хитойлик ёлланма аскарлар ўтган ҳафтанинг охирида ҳибсга олинган. Улардан бири 4 апрель куни Донецк вилоятининг Белогоровка ҳудудида 81-алоҳида аэромобиллик бригадаси томонидан, иккинчиси эса 5 апрель куни Тарасовка яқинида 157-алоҳида механизациялашган бригада томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси қўшинлари таркибида Хитой фуқаролари “икки нафардан кўпроқ” экани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ушбу ҳодиса содир бўлиши билан Зеленский дарҳол Украина Ташқи ишлар вазирига Пекин билан боғланиб, уларнинг содир бўлган воқеага муносабатини билиш бўйича топшириқ берган.

9 апрель куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан Россия армияси томонида жанг қилган икки нафар Хитой фуқаросини асирга олгани ва бунга Хитойнинг Хитой Ташқи ишлар вазирлигидан изоҳ сўралиши ортидан Пекин тилга кирди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Линь Цзянь бу борадаги сўровга жавобан мамлакат ўз ҳарбийларини Россия томонида жанг қилиш учун Украинага юбормагани ва расмий Пекин ўз фуқароларидан жанговар ҳаракатларга ёлланмасликни талаб қилишини маълум қилди. Линь Цзянь Хитой ҳукумати Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Донецк вилоятида Хитой фуқаролари қўлга олингани ҳақида эълон қилган маълумотларни текшираётганини айтган.  Кремль сўзамоли Дмитрий Песков эса журналистларга хитойлик асирлар ҳақидаги маълумотларга изоҳ беришдан бош тортган. 

Орадан кўп ўтмай, Украина Президенти Владимир Зеленский 9 апрель куни ўтказган матбуот анжуманида Россия қўшини таркибида камида 155 нафар Хитой фуқароси Украина ҳудудидаги босқинчилик ҳаракатларида қатнашаётганини маълум қилди. Унга кўра, айни пайтда Хитой масаласи жуда жиддий ва расмий Киевда Россия босқинида қатнашаётган 155 нафар хитойликнинг фамилиялари ҳамда паспорт маълумотлари бор ва улар йиғилишда давом этмоқда. Зеленскийнинг айтишича, ҳозирда Украина ҳудудида Россия томонидан жанг қилаётган хитойликлар сони 155 дан ҳам кўп ва уларнинг қаердалиги, ёши ва хизмат полклари ҳақидаги маълумотлар ҳам аниқ. У, шунингдек, Россия Хитой фуқароларини қандай қилиб ёллаётганини ҳам билишини айтди ва бунда TikTok асосий воситага айланганини билдирди.

“Схемалардан бири ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва бошқа Хитой ижтимоий тармоқлари орқали россияликлар реклама роликларини тарқатади. Расмий Пекин бу ҳақда билади. Руслар Хитой ижтимоий тармоқлари орқали ишга олиш ҳақидаги реклама видеоларини тарқатади. Бу яширин эмас – бу муҳим жиҳат. Балки яширин ёлловлар ҳам бордир”, дейди Украина етакчиси.

Президентнинг сўзларига кўра, ёлланган хитойликлар аввал Москвага боради, 3-4 кунлик тиббий кўрикдан ўтади ва сўнгра 1-2 ой давомида ўқув марказларида тайёргарлик кўради. Миграцион ва “Мир” тўлов тизими карталарини олишади ва шу карталарга пул ўтказилади. Зеленский ҳозиргача қўлга олинган хитойликларнинг кейинги тақдири ҳақида тўхталар экан, расмий Киев уларни Россия асирлигидаги украиналик аскарларга алмаштиришга тайёрлигини билдирган. Хориж ОАВ эса Россия томонидан ёлланган хитойликлар ҳақида турли хабарлар тарқатмоқда. Масалан, “Guardian” нашри хитойликлар Россияда ёлланма аскар сифатида хизмат қилиш учун 27 минг долларгача бир марталик мукофот ва ҳар ой 2,5 минг доллар маош олаётгани ҳақида хабар берди. “Reuters” бу янгилик атрофидаги воқеликларни америкалик икки амалдор ва Ғарб разведкасининг собиқ ходими билан муҳокама қилган. Нашрга кўра, Украинага қарши урушда Россия армияси сафида жанг қилаётган 100 дан ортиқ Хитой фуқаролари ёлланма аскарлар бўлиб, улар Пекин билан бевосита алоқаларга эга эмас. Бироқ агентлик билан суҳбат қилган собиқ разведка ходими бу ёлланма аскарлар, бевосита бўлмаса-да, жанговар ҳаракатлар зонасига Пекиннинг билвосита розилиги билан борган бўлиб, улар урушдан тактик сабоқлар олиш мақсадида юборилганини таъкидлаган.

Европадаги “Трамп”

Франциянинг “Миллий бирлик” партияси раҳбари Марин Ле Пенга март ойининг охирида партия ичидан 8 депутат ва 12 депутат ёрдамчиси қонун чиқарувчи орган маблағларини ўзлаштирганликда айбдор деб топилди. Ле Пен тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, шулардан икки йили шартли ва қолган икки йил давомида у электрон билагузук тақишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, унга беш йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланган. Бироқ судьялар ҳайъати сиёсатчининг апелляция шикояти бўлишидан қатъи назар, тақиқ дарҳол кучга кириши ҳақида қарор чиқарди, бу Франциядаги стандарт суд амалиётига тўғри келмайди. Мазкур ҳукмдан кейин Италия Бош вазири ўринбосари Маттео Сальвини, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Нидерландиядаги ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи ўнг қанот “Озодлик” партияси раҳбари Герт Вилдерс каби ўнг сиёсатчилар ўзларининг сиёсий ҳамфикри бўлган Марин Ле Пенни қўллаб-қувватлашини билдириб чиқди. Шунда Ле Пенни ўнг тафаккурдаги бошқа раҳбарлар, хусусан, Дональд Трамп ҳам қўллаб-қувватлаши тахмин қилинганди. Тез орада шундай ҳам бўлди. АҚШ Президенти Марин Ле Пенга чиқарилган суд ҳукмини “жодугар ови” деб номлаб, уни озод қилишга чақирди. Трамп Ле Пенга нисбатан чиқарилган ҳукм Европадаги сўл доираларнинг сўз эркинлигини ўчириш ва сиёсий рақибни йўқ қилишдаги яна бир мисол дея таъкидлади. Оқ уй раҳбари ўтмишда унинг ўзи ҳам шундай сиёсий таъқибларга учраганини эслатди. 

“Мен Марин Ле Пенни билмайман, лекин унинг шунча йиллар давомида қанчалар меҳнат қилганини қадрлайман. У йўқотишларга учради, лекин давом этди ва ҳозир, катта ютуқ бўлишидан олдин, улар уни эҳтимол ўзи ҳам билмаган кичик айблов – “бухгалтерия” хатоси учун ушлашмоқда, деб ўйлайман. Буларнинг барчаси Франция ва буюк француз халқи учун, улар қайси томонда бўлишидан қатъи назар, жуда ёмон. Марин Ле Пенни озод қилинг”, деб ёзди Трамп.

Бу Трамп ва Ле Пен бир-бирига таққосланган ягона эпизод эмас. Хусусан, ҳафта давомида эса Франция пойтахти Париж шаҳрида бир неча минг намойишчи Францияда Европарламент маблағларини талон-торож қилгани учун судланган Марин Ле Пен иштирокида митинг ўтказилди. Йиғилганлар Ле Пенни 2027 йилги Франция президентлик сайловларида иштирок этиши суд томонидан тақиқланишига қарши чиққан. Митинглар “Миллий бирлик” партияси ташаббуси билан ногиронлар саройи олдидаги майдонда бўлиб ўтди. Ташкилотчилар намойишда 10 минггача одам иштирок этишини кутишган. Бироқ бино олдидаги майдон тўлиқ тўлмаган. Намойишчиларга Марин Ле Пеннинг ўзи бошчилик қилган. Йиғилганлар бир неча бор “Марин – президент!” ва “Улар биздан 2027 йилни ўғирламайди” деган шиорларни айтган. Ле Пеннинг бир қатор тарафдорлари “Адолат буйруқларни бажаради” ва “Суд диктатураси тўхтатилсин”, деб ёзилган плакатларни олиб юрган. Бошқалар эса аёл сиёсатчини судланган ва шунга қарамай иккинчи марта олий давлат лавозимини эгаллашга муваффақ бўлган АҚШ Президенти Дональд Трамп билан таққослаган. 

Эронга тиланган “бахт”

Жорий ҳафтада Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ томонидан эҳтимолий ҳужумга жавобан мамлакат Қуролли кучларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтиргани ҳақида хабар тарқалди. Бу можаронинг илдизи Трамп Эроннинг ядровий салоҳиятини буткул йўқ қилиш истагига бориб тақалиши ҳеч кимга сир эмас. Март ойининг охирида Трамп Эронга тўғридан тўғри таҳдид қила бошлади. 30 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп агар ядро дастури бўйича музокаралар натижа бермаса, икки ҳафта ичида Эронга нисбатан қўшимча божлар жорий этилишини айтганди. Шунингдек, у Эрон битимдан бутунлай воз кечган тақдирда, мисли кўрилмаган бомбардимонлар билан таҳдид қилганди. Бунга жавобан Оятуллоҳ Али Хоманаий агар Вашингтон Эронга зарба беришга ёки ичкаридан исён кўтаришга уринса, уни “кучли жавоб зарбаси” кутаётганини айтди. Президент Маъсуд Пезешкиён ва Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Эрон АҚШ босими остида ҳеч қандай музокара ўтказмаслиги ҳамда ҳар қандай эҳтимолий келишув тенг руҳда кечиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берди.

Теҳрон вазият кескинлашуви фонида минтақа давлатларини қайта-қайта огоҳлантирди. Ироқ, Қувайт, БАА, Қатар, Туркия ва Баҳрайн давлатларига АҚШ ҳарбий кучларига кўрсатилган ҳар қандай ёрдам душманлик ҳаракати сифатида баҳоланишини билдирган. Ёрдамлар қаторига, АҚШга ўз ҳудудидан ҳужум учун фойдаланишга рухсат бериш ҳам киради. Бундай ҳолат ортда қолган даврда Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятда Иордания мисолида яққол намоён бўлганди. Расмий Теҳрон шу каби ҳолат яна такрорланмаслиги учун бу сафар жиддий огоҳлантиришлар бериб келяпти.

Шу билан бирга, форслар АҚШ билан музокараларни ҳам истисно қилгани йўқ. Улар Қўшма Штатлар мамлакатнинг энг асосий икки душманидан бири бўлгани Вашингтон билан бевосита бўлмаса-да, билвосита музокараларни бошлашга тайёрлигини кўп бора таъкидлади. Воситачи сифатида эса Уммон танланди. Бу орада эса АҚШ Эронга иқтисодий ва сиёсий босимни тўхтатмади. 9 апрель куни Трамп Теҳрон унинг ультиматумини қабул қилмаса, ҳарбий ҳаракатлар бошлаш ниятида эканини яна бир бор таъкидлади. Трамп Эроннинг гуллаб-яшнаши ва “буюк бўлишини” исташини, бироқ мамлакатнинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигини айтди. У, шунингдек, агар керак бўлса, ҳарбий куч ишлатишга ваъда берди ва бу эҳтимолий ҳужумда Исроил ҳам иштирок этишини айтди. 

12 апрелга белгиланган музокараларга қарамай, 9 апрель куни АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг бешта компаниясини санкциялар рўйхатига қўшди. Вашингтон уларни мамлакат ядровий дастурини қўллаб-қувватлашда айблади. Улар Атом энергияси ташкилоти томонидан назорат қилинадиган компаниялар асосий компаниялар эди. Таҳдид ва босимларга жавобан Эрон ҳар доимгидек, АҚШни “қаттиқ жавоб зарбаси” билан огоҳлантирди ва Вашингтонни кескинлашувдан воз кечишга чақирди. Учрашув белгиланган кун, яъни 12 апрелда анчадан буён АҚШ-Россия-Эрон учбурчагида бўзчининг мокисидек қатнаётган, бироқ ҳали бирон бир айтарли натижага эриша олмаган Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоффнинг самолёти Уммонга қўнди. Ушбу самолёт 11 апрель куни соат 22:59 да Уиткоффнинг Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви якунлангач, Санкт-Петербургдан учиб кетганди.

12 апрелда Уммонда Эрон ядровий дастури юзасидан Эрон ва АҚШ делегациялари ўртасидаги билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Эронлик делегация аъзоларидан бирининг ISNA'га маълум қилишича, музокаралар “умуман олганда муваффақиятли ўтган”. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф эса Эрон ядровий дастури юзасидан вазиятни тартибга солиш бўйича музокараларни кейинги ҳафта давом эттиришга келишиб олганини билдирган. Унга кўра, АҚШ-Эрон музокараларининг иккинчи раунди келаси ҳафта, 19 апрель куни Уммонда бўлиб ўтади. Делегациялар ядровий дастур юзасидан маслаҳатлашувлар конструктив руҳда ўтганини қайд этган. Бироқ бу жараён 2.5 соат мобайнида АҚШ хоҳлаганидек бевосита эмас, балки Эрон истаганидек билвосита ўтган. Улар ўртадаги воситачи орқали шу вақт ичида бор йўғи 4 маротаба хабар алмашган. Аммо Стивен Уиткофф ҳамда Аббос Ароқчи музокаралар якунида Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад бин Ҳамуд ал-Бусаидий иштирокида бевосита суҳбатлашган. Эрон ТИВ баёнотига кўра, бу суҳбат делегациялар учрашув ўтказилган жойни тарк этгандан сўнг, Уммон Ташқи ишлар вазири иштирокида бир неча дақиқа давом этган холос. Шунинг ўзи ҳам Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар йиллар мобайнида қандай аҳволга келганидан далолат беради. 40 йилдан буён ўзига нисбатан сон-саноқсиз санкциялар жорий қилиб келган давлат билан юзма-юз музокара олиб боришни ҳам истамайдиган Эрон яқин келажакда Трамп бошчилигидаги АҚШ билан муроса қилиши ростдан ҳам жуда мушкулдек кўринади. Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, 2015 йил июль ойида Эрон, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Франция, Хитой ва Германияни ўз ичига олган бир гуруҳ давлатлар ўртасида Венада Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси имзоланган. Ҳужжат томонларнинг қоидалари ва мажбуриятларини назарда тутган. Хусусан, Эрон 15 йил давомида уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитмаслик ва бойитилган уран захирасини 300 кг дан оширмаслик мажбуриятини олган. Шунингдек, Теҳрон қўшимча оғир сув реакторлари қурмасликка, 130 тоннадан ортиқ оғир сув тўпламасликка ва ядровий турдаги портловчи қурилмаларни ишлаб чиқмасликка ваъда берган. Аммо 2018 йилда Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддати пайтида Қўшма Штатларнинг ўзи мазкур музокаралар кенгашидан чиққан. Бунга жавобан Эрон ўзининг технологик салоҳияти ва юқори даражада бойитилган уран захираларини сезиларли даражада оширган. Айнан шу боис бугун Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ 2018 йилдаги келишувни бузганини тинимсиз таъкидлаб келяпти.

Франция Фаластиндаги адолатсизликни ниҳоят эшитди

Ғазодаги мислсиз қирғинлар ва бегуноҳ инсонларнинг қичқириқлари ниҳоят Елисей саройига ҳам эшитилди. Франция Фаластиндаги адолатсизлик ва Исроилнинг у ердаги 70 йиллик зулмини кўришни бошлади. Эммануэль Макрон 6-7 апрель кунлари Мисрга расмий ташрифи чоғида Саудия Арабистони билан бирга яқин келажакда икки давлат ечими бўйича халқаро конференция ташкил этишини маълум қилди. Франция Президенти Эммануэль Макрон июнь ойида ўзи ҳамраислик мазкур конференция доирасида Франция тез фурсатларда Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтди. Франция – Европанинг бугунги кундаги яққол етакчиси Фаластинни тан олишга яқин. Бу оддий бир воқелик эмас. Макрон бу ҳақда Мисрдан қайтгач, “France 5” телеканалига берган интервьюсида сўз очди. Франция президентининг айтишича, ёздаги конференцияда Фаластинни тан олиш масаласини ҳал қилиш режалаштирилган. Францияда бундай тўсиқ йўқлигини Макрон ўтган йилдаёқ тасдиқлаганди. Европадаги лидер давлатнинг мазкур қарорга келишига 2023 йилнинг 7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазода қилаётган ғайриинсоний қилмишлари сабаб бўлди.

Энг муҳими Европада бундай тенденция 2024 йилда анча кучайган. Жумладан, ўтган йили 28 май куни бир вақтнинг ўзида қитъадаги 3 давлат - Испания, Ирландия ва Норвегия Фаластин давлатини расман тан олганди. Бу билан Фаластин давлатчилигини тан олган давлатлар сони ниҳоят 140 дан ошди. Ўтган йил 26 май куни Норвегия Ташқи ишлар вазири Брюсселдаги учрашувда Фаластин миллий маъмурияти Бош вазири Муҳаммад Мустафога тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган эди. У ўшанда, агар бошқа давлатлар Норвегиядан ўрнак олса, бу қарор Яқин Шарқдаги можарони “тинч йўл билан ҳал этиш учун катта туртки бериши” айтганди. 

Испания Бош вазири Педро Санчес эса 28 май куни ўз мамлакати 1967 йилги чегаралар ичида фаластинлик мустақил давлатини ва унинг пойтахти сифатида Шарқий Қуддусни тан олишини маълум қилди. Сиёсатчи ушбу қарорни тарихий деб атади ва у Мадрид бу қарор Исроилга қарши йўналтирилмаганлигини таъкидлади. Испания қироли Филипп VI 16 сентябрь куни Фаластин давлатининг биринчи элчисининг ишонч ёрлиқларини расман қабул қилди. Мадриддаги Қироллик саройида 2022 йилнинг май ойидан буён дипломатик вакил сифатида фаолият юритган Фаластин элчиси Ҳусни Абдулвоҳид Испания қиролига ишонч ёрлиқларини топширди. Элчи Испанияга Исроил давлатини сўзсиз қўллаб-қувватлаш тузоғига тушмагани учун миннатдорлик билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Франция Европа Эрон Дональд Трамп Европа Иттифоқи Хитой Шимолий Корея Украина Владимир Зеленский Эммануэль Макрон Си Цзиньпин Пекин Марин Ле Пен Аббос Ароқчи Стивен Уиткофф Савдо уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг