Вучич Сербия қачон Россияга “тиш қайрашини” айтди
Олам
−
21 Октябрь 2022
10150Сербия республика ва унинг фуқаролари мавжудлигига таҳдид туғилмагунча Россияга қарши санкциялар қўлламайди. Бу ҳақда кеча, 20 октябрь куни Сербия Президенти Александр Вучич “Prva” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз Европага интиляпмиз, бу аниқ. Мен буни ҳеч қачон қилмаймиз, деб айтмадим (гап Россияга қарши санкциялар қўллаш ҳақида кетмоқда – таҳр.). Ҳар сафар такрор айтаманки, Сербия, токи унинг фуқаролари мавжудлигига ҳеч қандай таҳдид йўқ экан, биз мустақил сиёсатимиз ва Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида қабул қилган сиёсатимизга содиқ қолишда давом этамиз”, дейди Вучич.
Сербия раҳбари мамлакатнинг “мавжудлиги учун хавф туғилиши биланоқ” фуқароларга мурожаат қилишини ва уларга санкциялар масаласида ҳаммасини тушунтиришини таъкидлади.
Россия Украинага ҳужум бошланганидан кейин Вучич Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг халққа қилган мурожаатида Сербия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, лекин Россия Федерациясига қарши санкцияларни қўлламаслигини айтди. Унинг қайд этишича, Сербия Россия ва Украинани қардош давлатлар деб билади, Европа шарқида содир бўлаётган воқеалардан афсусда ва Киевга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр.