Вояга етмаган қизга шаҳвоний SMS ёзган эркак қамалди
3-саҳифа
−
04 Март
9314Юқори Чирчиқ туманида 12 ёшли қизга SMS-хабарлар ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган 59 ёшли эркак 5 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR'UZга маълум қилди.
Қайд этилишича, 1 март куни Х.Ҳотамов раислигидаги Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман судида вояга етмаган қизнинг телефон рақамига SMS ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилган.
Суд материалига кўра, 2024 йил 5 февраль куни Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор қўрғонида 12 ёшли қиз мактабдан чиқиб кетаётиб, манзилига етиб олиш учун машина тўхтатган. Шу вақтда автомобиль эгаси бўлган 1965 йилда туғилган А.Н. қизни уйига олиб бориб қўйиш жараёнида унинг телефон рақамини олган. Сўнгра у қизга февраль ойининг турли кунларида шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлардан иборат SMS-хабарлар ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган.
Қизнинг отаси бундан хабар топгач, ички ишлар бўлимига мурожаат қилган ва ҳолат юзасидан А.Н.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Судланувчи ушбу ҳаракатларни содир этганини тан олиб, ёмон нияти бўлмаганини, қилмишидан пушаймон эканини айтиб, енгиллик сўраган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи ўрталарида Тошкентда ёш қизга шилқимлик қилган таксичи қамалган эди.
LiveБарчаси