Энди айрим ходимлар SMS орқали ишдан бўшатилади
Ўзбекистон
−
3827 1 дақиқа
Меҳнат кодексига масофадан ишловчи ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Буни назарда тутувчи “Масофадан ишловчи ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, масофадан ишловчи ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш берувчи тегишли буйруқ нусхасини ходимга етказиши шарт бўлади. Бунинг учун ҳужжат қоғоз шаклида буюртма хат орқали ёки электрон тарзда юборилиши мумкин.
Электрон хабарнома “Ягона миллий меҳнат тизими” даги шахсий кабинет, ходим номига расмийлаштирилган телефон рақами, электрон почта ёхуд меҳнат шартномасида келишилган бошқа интернет дастурлари орқали юборилиши назарда тутилмоқда. Бунда хабарномада меҳнат шартномаси бекор қилинган сана ва бунга асос бўлган сабаблар ҳам кўрсатилиши керак.
Шунингдек, ходимни ишга тиклаш юзасидан судга мурожаат қилиши учун белгиланган уч ойлик муддатни ҳисоблаш тартибига ҳам ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу муддат буйруқ нусхаси топширилган ёки юборилган ёхуд SMS-хабарнома келган кундан бошлаб ҳисобланади.
Бундан ташқари, иш берувчи огоҳлантириш муддатини пул компенсацияси билан алмаштирган ҳолларда, касаба уюшмаси ва маҳаллий меҳнат органларига тегишли маълумотларни компенсация тўлаш ҳақидаги буйруқ расмийлаштирилишидан аввал тақдим этиши белгиланмоқда.
Live
Барчаси