Вояга етмаган болани занжирбанд қилган шахс ўқитувчи бўлиб чиқди
3-саҳифа
−
17 Март
26266Аввалроқ, Самарқандда 13 яшар бола оёғидан кишанланган ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эдик. Болага нисбатан бундай тарздаги зўравонлик ҳолати мактаб ўқитувчиси томонидан содир этилган бўлиб чиқди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилда туғилган Ш.Ш. Пахтачи тумани “Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактаби”нинг 6-синфида ўқийди. Ш.Ш. нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. лар мазкур мактаб ўқитувчиси Х.Ш. ни чақириб, ундан болани хулқи оғирлиги туфайли Самарқанд вилояти “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази”га олиб боришни сўраган. “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билдирган маълумотга кўра, айни дамда ўқитувчи экани айтилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг собиқ ходими бўлган.
2024 йил 15 март куни мактаб ўқитувчиси Ш.Х. гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин деган важ билан болани автомобилнинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар унга нисбатан бундай ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқига зиддир”, дейди Болалар омбудсмани.
Ҳозирда вояга етмаган Ш.Ш. га тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирининг директори ўғил болаларнинг бошини бир-бирига уриштириб, калтаклаган эди.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь