Водийда қиз чиқараётган ота кулфатнинг ичида қолиб кетади – Сенатор
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
1244615 кундирки Ўзбекистон тўйлар масаласи яна трендда турибди. Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясини йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сенатор Энахон Сиддиқова қарорни тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда ҳар бир вилоятга алоҳида ёндашиш ҳақида гапирди.
“Ҳар бир вилоятнинг ўз қадриятлари ва хусусиятидан келиб чиқиб ёндашишимиз керак. Масалан, Фарғонада қишлоқларда тўйга велосипедда юриб, таклиф қилинади. Таклифнома йўқ. 200 кишилик талаб бу ерларда қандай бўлади? Одамлар тўйда меҳмон бўлгани ва томоша қилгани келади, айниқса, ёшлар. 200 киши ўтирса, 500, 1000 киши томоша қилиши ҳам мумкин. Бунинг қонун-қоидаси қайси тартибда бўлади? Бу тарафларини ҳам чуқур ўйлаш керак”.
Маълумки, урф-одатлар, қиз берган тарафнинг тили қисиқлиги пойтахт Тошкент ва водийда авжига чиққан. Айниқса, андижонликларнинг куёв “шўрлик”нинг уйига 40 кун овқат ташишини бугун ҳеч қайси мезонлар билан ўлчаб бўлмайди. Хўш, бу урф-одат деб аталаётган бидъатларни ким ўйлаб топган? Одамлар эмасми? Нега одамлар ўзи ўйлаб топган нарсаларга шу қадар тобе? Энг ёмони ўзи тобе қолаётган нарсалар оқибатида оилалар бузиляпти, ота-оналар оғир хасталикларни орттириб оляпти.
Энахон Сиддиқова ўз сўзида водий тўйларининг фожиасига тўхталди:
“Водийнинг тўйларида жуда оғир фожиавий томонлари бор. Қиз чиқараётган томон кулфатнинг ичида қолиб кетади. Яқинда бир оқсоқол менинг ёнимга келиб, “Тўй ҳақида қарор қабул қилдинглар, лекин ҳеч нарса ўзгармади. Олти қизим бор. Учта қизимни чиқардим. Яна учта қизим бор. Аввал уста қиз чиқарганни жаннати дейишарди, мен дўзахи бўлиб турибман. Яна учта қизни чиқариш учун умрим етадими, йўқми... Қиз чиқараман деб, ўлиб кетаманми?”, деган гапларни соқолларига кўзёшлари томиб айтди. Қиз томонга ниҳоятда жабр. Йигит томоннинг уйини ипидан игнасигача қилиб, безатиб қўйиши керак. Қиз томони кулфатнинг ичида қоляпти.
Қолаверса, биз аёллар ўйлаб топяпмиз янги мўжизаларни, янги кашфиётларни. Ҳеч ким бизга шунча кўрпа, шунча кўйлак, шунча сарпо қиласан, деган талабни қўяётгани йўқ.
Шу боис Хотин-қизлар қўмитасидан тортиб, “Оила” илмий-амалий марказигача ҳаммамиз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирмасак, кўриб кўрмаслика, эшитиб эшитмасликка олиш давом этаверади.
Ҳар битта вилоят халқ депутатлари кенгаши ўғил томон ва қиз томонга меъёрларни, маърака ва маросимлар, туғилган кун ўтказиш тартибларини аниқ ишлаб чиқиши керак”.
LiveБарчаси