Владивостокдаги воқеа ортидан ўзбекистонликлардан айбдорларни “самосуд” қилмаслик сўралди
3-саҳифа
−
16 Сентябрь 2025 19613 2 дақиқа
Аввалроқ, Россиянинг Владивосток шаҳридаги Хабаровская кўчасида маҳаллий ёшлар гуруҳ бўлиб ўзбекистонлик мигрантларни калтаклагани ва безориликда гумон қилинган ушбу ўсмирларга нисбатан Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Приморск ўлкасидаги бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар қилинганди. Ушбу воқеа ортидан Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консули Юсуф Қобилжонов Приморск ўлкасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.
Унинг билдиришича, Владивосток шаҳрида истиқомат қилувчи, вояга етмаган маҳаллий фуқаролар томонидан Ўзбекистон фуқароларига нисбатан содир этилган безоролик юзасидан ижтимоий тармоқларда бир нечта видеоматериаллар тарқалган. Ушбу ҳолат бўйича Приморск ўлкаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилиши натижасида Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очилиб, жиноятни содир этган 1 нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинган, қолган иштирокчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлари томонидан олиб борилаётган тезкор-қидирув ва тергов-суриштирув ишларига қарамасдан, айрим шахслар томонидан юқорида қайд этилган безориликни содир этган вояга етмаган маҳаллий фуқароларга оид маълумотларни моддий рағбатлантириш эвазига олиш ҳамда уларни ўзбошимчалик билан жазолаш (самосуд) тўғрисида ижтимоий тармоқларда постлар эълон қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
“Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу каби постларни ижтимоий тармоқларга жойлаётганларни ўзбошимчалик йўли билан ноқонуний ҳаракатларни содир этмасликка ҳамда қонун билан белгиланган чекловлар ва қоидаларга қатъийян амал қилиш лозимлиги юзасидан расман огоҳлантирамиз. Акс ҳолда, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилишини маълум қиламиз. Воқеа Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ва Россия Федерацияси Приморск ўлкаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан назоратга олинган”, дейди Юсуф Қобилжонов.
Live
Барчаси