Вирус уй ҳайвонларидан юқмаса, ССВ нега огоҳлантирувчи СМС юбормоқда? Алматов изоҳ берди

Жамият

image

Оммавий ахборот воситалари орқали коронавирус жониворларда, хусусан, мушукларда аниқлангани, аммо улар орқали инсонларга юқиш эҳтимолий деярли йўқлиги ҳақида хабарлар берилгач, турли миш-миш ва фикрларга қоришиқ гап-сўзлар пайдо бўлди. Мушуклардан одамларга коронавирус юқаркан, уйда ҳайвон боқиб бўлмас экан ва шунга ўхшаш гаплар шулар жумласидандир.

Аввалига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби маълумотларни рад этди ва асоссиз эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг, вазирлик томонидан уяли алоқа воситаларига "уй ҳайвонларига қўлқоп билан тегининг" мазмунидаги СМС-хабарномалар кела бошлади. 

Бугун, 13 апрель куни АОКА штабида ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов ушбу масалага ойдинлик киритди.

"Ушбу касалликни келтириб чиқарувчи табиий манба — кўршапалаклар. Кўршапалакларнинг коронавирус ташувчи тури бизнинг ҳудудларимизда яшамайди. Одамларимиз ҳам кўршапалаклар билан мулоқотда бўлмайди.

Лекин шуни ёдда тутишимиз керакки, уй ҳайвонлари ҳам ўртадаги воситачи бўлиб қолиши мумкин. Қолаверса, уй ҳайвонларидан жуда кўп касалликлар — эхинококк, паразитар ва гижжа касаллилкари, есинос ва юқумли ичак касалликлари ҳам юқиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, юборилган СМС лар шахсий гигиена қонун-қоидаларига риоя этилган ҳолда яшаш тарзини ўз ҳаётида жорий қилиш бўйича берилган тавсия эди”, деди  Баҳром Алматов.

Директорнинг таъкидлашича, ҳозирги карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш билан шуғулланадиган умумий овқатланиш корхоналари фаолияти вақтинчалик тўхатилган.

“Карантин давомида мана шу ошхоналарда яшаб юрган, қолдиқ овқатлар билан овқатланиб юрган уй ҳайвонлари ҳам кўчага чиқиб кетди.

Аҳоли пунктларида уй ҳайвонлари, дайди ҳайвонлар, жумладан, ит ва мушукларнинг кўпайиш ҳолатлари учрамоқда.

Аҳоли яшаш пунктларидаги эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, яъни аҳолимизнинг соғлигини сақлаш кўп жиҳатдан фуқроларимизнинг ўзига боғлиқ”, деди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг