Вилоят ҳокими даҳшатли автоҳалокат қурбони бўлди
Олам
−
18 Июнь 34685 1 дақиқа
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раҳбари Алишер Мирзонабот йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Машинада у билан бирга ёрдамчиси, шунингдек, рафиқаси ва вояга етмаган фарзанди ҳам бўлган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳалокат жорий йилнинг 17 июнь куни соат 10:40 да Душанбе – Хоруғ автойўлининг 282-километрида юз берган. Хизматдаги Land Cruiser 200 автомобили ҳайдовчиси юқори тезликда ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотган ва муҳандислик иншоотларига бориб урилиб, устунлар ҳамда тўсиқларни уриб кетган.
Шундан сўнг машина Панж дарёсига ағдарилган. Воқеа жойидан фақат автомобиль рақами ва унинг айрим бўлаклари топилган.
Мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг топшириғига биноан воқеа жойига Ички ишлар вазири, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси етиб борган. Тергов ҳаракатлари давлат раҳбарининг шахсий назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда Конституциявий суд судьяси Жамшид Жамшидзода тўққизинчи қаватдан йиқилиши оқибатида ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси