Виктория Нуланд истеъфога чиқди
Олам
−
05 Март
6870АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд лавозимини тарк этади. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Нуланд истеъфога чиқиш қарорини ўзи қабул қилган. Унинг бундай қарорга келишига нима сабаб бўлгани очиқланмаган.
“У Президент Байденнинг дипломатияни ташқи сиёсатимиз марказига қайтариш ҳамда мамлакатимиз ва бутун дунё учун муҳим даврда Американинг глобал етакчилигини янгилаш мажбуриятини ўзида мужассам этди. Викториянинг фаолияти олти Президент ва ўн Давлат котиби давридаги ўттиз йилдан ортиқ ажойиб давлат хизматини ўз ичига олади", дейди Блинкен.
Давлат котиби Нуланднинг АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсатини олиб боришдаги етакчилигини ва унинг Россиянинг мамлакатга кенг кўламли бостириб киришига қаршилик кўрсатиш, Россия Президенти Владимир Путин режаларининг стратегик мағлубиятини таъминлаш учун глобал коалиция тузиш ва Киевга ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларини таъкидлади.
Блинкен Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосарининг вақтинчалик вазифалари Давлат котибининг бошқарув бўйича ўринбосари Жон Бассга юкланганини тушунтирди. У ва Президент Жо Байден Жон Бассдан Нуланднинг вориси тасдиқланмагунча котибнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажаришни сўраган.
“Associated Press” агентлигининг даъво қилишича, Нуланд АҚШ маъмурияти ичида Давлат департаментидаги иккинчи муҳим лавозим – Давлат котибининг биринчи ўринбосари учун курашда мағлуб бўлганидан кейин истеъфога чиқишга қарор қилган.
Шу лавозимда ишлаган Венди Шерман истеъфога чиққанидан кейин Нуланд тахминан олти ой давомида Давлат котибининг биричи ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган. Бироқ агентлик маълумотларига кўра, якунда Оқ уй Нуландни бу лавозимда қолдирмасликка қарор қилган ва февраль ойида Осиё бўйича мутахассис Курт Кэмпбелл Давлат департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаган.
Маълумот учун, Нуланднинг 2005-2008 йилларда АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили, 2011-2013 йилларда Давлат департаменти матбуот котиби, 2013-2017 йилларда Давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимларида ишлаган. 2023-2024 йилларда у бир неча ой давомида Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган.
У 1991-1993 йилларда Москвадаги АҚШ элчихонасида ҳам фаолият юритган. Кўп йиллик хизмати давомида Нуланд Россия ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан боғлиқ масалалар билан шуғулланган.
Нуланднинг турмуш ўртоғи Роберт Каган замонавий Америка неоконсерваторларининг мафкурачиларидан бири ҳисобланади. Ушбу тенденция тарафдорлари Вашингтонга душман бўлган давлатларга қарши курашда АҚШ кучларидан, жумладан, ҳарбийлардан фаол фойдаланиш тарафдори.
LiveБарчаси