Видео: ИИБ ходимининг фермер билан нима иши бор?
Жамият
−
20 Июль 2019
15211Қашқадарё вилояти Касби туманида нималар бўляпти? Ижтимоий тармоқларда Касби тумани фермерлари номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мурожаат тарқалди. Мурожаатга видео ҳам илова қилинган.
Мурожаатда келтирилишича, жорий йилнинг 14 июль куни Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров фермерларни семинарга чақирган. Йиғилишда ўзи қатнашолмай, ўрнига иш юритувчисини юборганлар ҳам бўлган. Бошлиқ ўрнига келган иш юритувчилар эса куннинг иссиғида соат 12:00-14:00 ларда далада ўғит ташийсизлар деб, ушлаб турилган. Бундан ташқари, Чори Кўчаров фермерларга деҳқончиликни ўргатаман ёки ҳаммангни қамайман деб, таҳдид қилган. ИИБ бошлиғи фермерларни қамаш учун дала бошига махбусларни ташишда фойдаланиладиган автобусни ҳам келтирган.
Кўчаров топшириғини бажармаган фермерларни ҳар куни шундай дала бошида жазирамада жазолашини айтган. Шундан сўнг, соат 14:00 ларда Кўчаровнинг буйруғи билан ИИБ ходимлари Зоҳид Набиев, Тўйчи Олтибоев ва ўндан ортиқ фермер хўжалиги ходимларини автобусга олиб бориб, қўлига кишан солиб қамаб қўйган.
“Жўраев Камолиддин” ф/х., “Жўраев Элёр” ф/х, “Куйли қизи Мўйиба” ф/х., “Муҳаммаджон Шахзодович” ф/х., “Навотов Али Навотович” ф/х., “Отибоев Тўйчи” ф/х., “Сардор Шердор” ф/х., “Тошев Лочин” ф/х., “Ўткирбек Тошев” ф/х., “Ҳусан Ҳамзаевич” ф/х., “Эшқулов Нурбек Ўктамович” ф/х. фермерлари автобусда ИИБга олиб кетилган.
“Биз деҳқонларни умримиз ушбу далаларда ўтди. Пахтага қачон ишлов бериш кераклигини яхши биламиз. Биз фермерлар ўқувсиз ИИБ ходимларининг бу хилдаги мажбурий ҳаракатларидан чарчадик. Биз ҳам инсонмиз. Ўзбекистон фуқаросимиз. Бизнинг ҳам конституциявий ҳимояланган ҳуқуқларимиз бор. Қачонгача бунақанги зулм, мажбурлашларга чидаб яшаймиз”, дейилади фермерларнинг Президентга ёзган мурожаатларида.
Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда ИИБ бошлиғи йиғилишига бормаган фермернинг уйига “меҳмон” бўлиб келган ички ишлар ходимлари ва тадбиркор ўртасидаги суҳбат видеоси тарқалди. Видеода ИИБ ходимлари фермердан нега йиғилишга бормаганини сўрайди. Фермер далада ишлари борлиги учун ёрдамчисини жўнатганини айтади.
Шу зайилда орган ходимлари қайта-қайта бир саволни қайтаради: “Нега семинарга бормадингиз?” Фермер ҳам бир гапни айтиб тураверади.
Шу орада орган ходимлари қандайдир шартномани сўрайди. Фермер ҳужжатлар борлиги, лекин уни судга тақдим қилишини айтади.
Видеони кўриб, ИИБ ходимлари нега келганини тушуниш қийин. Улар фермерни қамаш учун келгану уни ҳибсга ололмай турибдими ёки мантиқсиз саволни қайта-қайта бериш учун келганми?.. Хуллас тушуниш қийин.
Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигидан мазкур ҳолатга мантиқли жавоб ҳамда Касби тумани ИИБ бошлиғи семинарга келмагани учун фермерларни жазолаганига нисбатан қонунуий чора кўрилишини кутиб қоламиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь