Венесуэлада Мадурони озод қилиш бўйича комиссия тузилди
Олам
−
05 Январь 6179 2 дақиқа
Венесуэла расмийлари қўлга олинган Президент Николас Мадуро ва унинг рафиқасини озод этиш бўйича махсус комиссия тузди. Бу ҳақда мамлакат Ахборот ва коммуникациялар вазири Фредди Ньяньес Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кеча, 4 январь куни ўтказилган вазирлар маҳкамаси йиғилишида президент вазифасини бажарувчи шахс Николас Мадуро ва унинг рафиқасини озод этиш учун юқори даражадаги комиссия ташкил этган.
Комиссияга раҳбарлик қилиш вақтинчалик президент Делси Родригес томонидан ўз акаси – Миллий ассамблея раиси Хорхе Родригес ҳамда мамлакат Ташқи ишлар вазири Иван Хиллга топширилган. Улар комиссиянинг ҳамраисларига айлантирилган. Янги тузилма таркибига, шунингдек, ахборот вазири Фредди Ньяньес ҳам киритилади.
Комиссиянинг кейинги режалари ва АҚШ билан қандай тил топишиши ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 январь куни тунда Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида портлашлар содир бўлди. Шундан сўнг АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Венесуэлага кенг кўламли зарбалар бергани, Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса рафиқаси билан қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини билдирди.
АҚШ расмийлари эр-хотинни “наркотерроризм”да айбламоқда, яқин вақт ичида улар АҚШ судида жавоб беради.
Ҳозирда Венесуэла вице-президенти Делси Родригес мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. У Мадуро ва унинг рафиқасини зудлик билан озод қилишни талаб қилмоқда. Маълум қилинишича, улар аллақачон Бруклиндаги (Нью-Йорк) тергов изоляторига етказилган.
Кейинчалик, айбланувчилар орасида Мадуронинг ўзи ва рафиқасидан ташқари ўғли – кичик Николас Мадуро ҳам борлиги айтилди.
Live
Барчаси