Вазият жиддий. Украина халқи урушга тайёрланмоқда
Олам
−
02 Февраль 2022
22808Сўнгги пайтларда янада кучайиб бораётган уруш таҳдиди ортидан Украина ҳарбийлари аҳоли билан ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда. Машғулотларга нафақадаги ҳарбийлар ва волонтёрлар ҳам жалб қилинган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Украина чегараси бўйлаб катта қўшин тўплаган Россия Ғарбнинг уруш бошланиши яқинлиги ҳақидаги баёнотларига қўл силтаб келмоқда.
Сон жиҳатидан устун бўлган Россия армиясининг 100 минг чоғли ҳарбийлари Украина чегарасига жойлаштирилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, умумий ҳисобда актив ҳарбийлар сони Россияда 900 000 дан ортиқни ташкил этиб, бу рақамлар Украинада 250 000 атрофида.
Кеча, 1 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский армияда ҳарбийлар сонини яна 100 000 минг нафарга ошириш тўғрисида қарорни имзолаган.
Ҳукумат армиясига кўмаклашиш мақсадида украин халқи қўлига қурол олиб жангга тайёрланмоқда. Ҳарбий машғулотларда қатнашаётганлар орасида ёшлар ва аёллар ҳам бор.
2014 йил Қрим учун бўлган жангда қатнашган ветеран ҳарбийларга кўра, бу сафар жанг бўлиши аниқ ва фуқаролар Ватан ҳимояси учун жонини тикмоқда.
Россия агрессиясига қарши Украинанинг ёнини олаётган АҚШ ва Ғарб Москвани жиддий огоҳлантириб унга қарши янги санкциялар пакети ҳақида маълум қилган.
Украина раҳбари билан вазиятни муҳокама қилиш учун кеча, 1 февраль куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Киевга етиб келган. Жонсон Украинада туриб, Россия ҳужумга ўтса, рус бизнесига қарши санкциялар автоматик тарзда кучга киришини маълум қилди ва ҳаммаси Путиннинг қўлида эканини эслатди.
Украина-Россия низоси
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизмаитчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.
LiveБарчаси