Вазият жиддий. Дунёда бутун пандемиядаги янги антирекорд қайд этилди
Олам
−
19 Январь 2022
14985Охирги ҳафтада дунёда 18 миллиондан ортиқ одам коронавирус инфекциясини юқтириб олди, бу бутун пандемия давридаги янги антирекорддир. Аниқланган инфекция ҳолатлари олдинги етти кунга нисбатан 20 фоизга ошди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.
Таъкидланишича, ўлганлар сони 4 фоизга кўпайиб, 45 мингдан ошган. 10 январдан 16 январгача ЖССТнинг ҳафталик бюллетенида “янги ҳолатларнинг олдинги ҳафтага нисбатан 20 фоизга ошгани” қайд этилган, яъни 18 739 636 киши касалланган. Етти кун ичида 45 543 та ўлим қайд этилган, бу аввалги ҳафтага нисбатан 4 фоизга кўп.
ЖССТнинг олтита минтақасидан бештаси ташкилотга инфекциялар сони ўтган ҳафтага (3-9 январь) нисбатан ошгани ҳақида маълум қилган, фақат Африкада 27 фоизга камайиш кузатилган. Рақамлар, айниқса, Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Ўрта ер денгизида юқори бўлиб, бу ерда олдинги етти кунга нисбатан мос равишда 145 фоиз ва 68 фоиз кўпроқ янги ҳолатлар қайд этилган.
Ўсиш Европа (10 фоизга), Америка (17 фоизга) ва Ғарбий Тинч океани минтақасида (38 фоизга) ҳам қайд этилган.
Қўшма Штатларда бир ҳафта ичида энг кўп инфекция қайд этилган (4 688 466). Ундан кейинги ўринларда Франция (2 012 943), Ҳиндистон (1 594 160), Италия (1 268 153) ва Буюк Британия (813 326) жой олган.
ЖССТ маълумотларига кўра, 18 январь ҳолатига кўра, пандемия бошланганидан бери дунёда 328 532 929 киши касалланган ва 5 542 359 киши вафот этган. Ўтган суткада 1 586 889 та инфекция ва 5 255 ўлим ҳолати қайд этилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь