Вазият ўз ечимини топди — Алламжонов

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов икки кундан буён одамлар эътиборида турган мавзу – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдид кўринишида аудиоёзуви билан боғлиқ масалалар сўнгги тафсилотлари юзасидан муносабат билдирди. У ўзининг Telegram’даги каналида шундай ёзади: 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шуни маълум қиладики, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев билан боғлиқ вазият ўз ечимини топди, буни икки томон ҳам тасдиқлаб турибди.

Мазкур низонинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар томонидан фаол тарзда муҳокама қилиниши, бунга Бош прокуратура, Журналистлар ижодий уюшмаси, Адлия вазирлиги ва сиёсий партияларнинг тезкор муносабат билдириши мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг кучи тобора ортаётгани, жамиятда демокартик ўсишнинг шаклланаётгани, ОАВнинг босқичма-босқич “тўртинчи ҳокимият”га айланаётгани, республикамизнинг очиқлик сари дадил одимлаётганидан далолат беради.

Вазиятни янада чигаллаштиришга йўл қўймаслик учун, шунингдек, Kun.uz таҳририяти илтимосини инобатга олган ҳолда, Агентлик блогерлар ва журналистларни шаҳар ҳокимининг ушбу нашр жамоаси билан учрашуви натижаларини ҳисобга олишга ва бундан кейин бу мавзуни бўрттирмасликка чақиради.

Ишонамизки, тегишли давлат идоралари томонидан ушбу масалани ўрганиш ишлари охирига етказилади ва унга тўлақонли ҳуқуқий баҳо берилади”.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 ноябрь тонгида Kun.uz Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан муросага келганини эълон қилганди. 

Бу орада Журналистлар уюшмаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ўз баёнотлари билан чиқишди. Бош прокуратура ўрганиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

398

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг