Вазирлик Тошкентда талабалар ўртасида юз берган оммавий жанжал тафсилотларини очиқлади

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, 13 март Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида хорижий олий таълим муассасалари талабалари ўртасидаги спорт мусобақасида оммавий муштлашув содир бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар жанжали юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, пойтахтдаги 10 та хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаси жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича анъанавий 16-Талабалар лигаси ўтказилган.

Мусобақада Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети жамоаси ўзаро баҳс олиб борган. Ўйиннинг иккинчи тайми тугашига бир дақиқа қолганда тўп майдон ташқарисига чиқиб кетган ва ўша вазиятда икки футболчи-талаба тортишиб қолган. Футболчиларининг ўзаро тортишувига трибунадаги мухлислар майдонга тушиб қўшилишган ва оқибатда тортишув кенгайган. 

Ҳакамлар томонидан ўйин тўхтатилиб, институт хавфсизлик хизмати ходимлари зудлик билан талабаларни ажратган ва тинчлантирган. Тортишувда ҳеч бир талаба тан жароҳати олмаган. Ўйинчилар бир-биридан узр сўраб, ўзаро келишиб олган.

“Ҳолат акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Турли баҳс-мунозаралар жараёнида аслида талаба-ёшлар ўртасида бўлган ўзаро тортишув моҳиятидан узоқлашиб, оммани чалғитувчи нотўғри талқин, хато маълумотлар юзага келди.

Ушбу ҳолат тезкорлик билан назоратга олиниб, унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди, мусобақани ўтказишга масъул бўлган раҳбар-ходимлар ҳамда иштирокчи-талабаларнинг ҳаракатига баҳо берилди. 

Мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган мутасаддилар ва талабаларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади”, дейилади вазирлик ахборотида.

Аввалроқ, Бухоро давлат универстетида ишловчи ўқитувчи талабалари байрамда унга “арзон” совға бергани учун уларга пўписа қилиши ортидан ишдан олингани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба жанжал

Баҳолаганлар

975

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг