Вазирлик рухсатисиз маданият объектларининг сотиб юборилиши ҳолатлари кузатилган – Назарбеков

Маданият-санъат

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилишларнинг авж олиши шаҳарлар марказидаги ерларга талабни ошириб юборди. Натижада ҳокимлар керак бўлса, маданий мерос объектлари, истироҳат боғлари жойлашган ерларни тадбиркорларга бериш ҳолатлари кузатилди.

Шундай шароитда бир неча асрлик обидаларни, шаҳар марказида аҳолининг сайр маскани бўлган истироҳат боғларини сақлаб қолиш муҳим масалага айланди.

Қурилишларнинг маданий объектларга таъсири ва буларнинг олдини олиш учун кўрилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш мақсадида Маданият вазири Озодбек Назарбековга микрофон тутдик.

“Ҳақиқатдан ҳам ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимига эгасиз ташкилот сифатида қараб келинди. Ҳаттоки, вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан вазирликнинг рухсатисиз маданият объектларининг сотиб юборилиши ёки уни бузиб ташлаш ҳолатлари кузатилган. Бизнинг рухсатимизсиз истироҳат боғларида тадбиркорлар фаолиятини олиб бориши учун қарорлар чиқарилганлиги каби ҳолатлар юзасидан қонун бузилиши бўлган барча объектларимизни рўйхатини тузиб Бош прокуратурага манзилли маълумотларни тақдим этганмиз. 

Бу масала юзасидан  келгусида ижтимоий объектларни ваколатли органларнинг рухсатисиз ҳеч қайси ташкилот ва идора қарор қабул қилмаслик ҳақида Президентнинг қарори қабул қилиниб, топшириқлари  берилди. “Ўйлайманки, бундан туман ва вилоят ҳокимликлари ҳам хабардор бўлишди”, дейди вазир Назарбеков.

У сўзида давом этаркан маданият марказлари аҳоли зич, шаҳар  ҳудудларда жойлашганлиги сабабли тадбиркорлар шу ерларга кўз тиккан. Кейин ҳокимлар қонун бузиб, ерларни тарқата бошлаган.

“Тўғри, бир пайтлар маданий масканларини йўқ қилиш бўйича бир қанча “ёзишмалар” бўлган. Чунки кўп маданият марказларининг аҳоли зич, шаҳар  ҳудудларда жойлашганлиги сабабли тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай ҳисобланган. Мана шунинг учун ҳам ҳокимликларнинг юқоридаги сингари қонун бузиш ҳолатлари юзага келган. Лекин энди  бу каби муаммолар ўз ечимини топиб бормоқда. Буларга чек қўйиш  борасидаги масалалар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура шуғулланмоқда”, дея сўзини якунлади Озодбек Назарбеков.


Мақола муаллифи

Теглар

Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг