Вазирлик хусусий бандлик агентлигига берган лицензиясини тўхтатди
Жамият
−
28 Октябрь 2019
4379Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Korean and migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖга берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи 0010-сонли лицензия тўхтатилганини маълум қилади.
“Korean and migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ фуқароларни Корея Республикасига ишга жойлаштириш юзасидан улар билан шартнома имзолаган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига хусусий бандлик агентлиги фуқаролар олдидаги мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажармагани тўғрисида кўплаб норозилик мазмунидаги мурожаатлар келиб тушган.
Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 45-46-бандларига мувофиқ, “Korean and migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Корея Республикасидаги вақтинчалик меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш икки давлат Меҳнат вазирлиги томонидан имзоланган Англашув меморандуми асосида амалга оширилади. Унга кўра, Е9 виза билан фуқароларни Корея Республикасига ишга жойлаштириш ваколати фақат Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юклатилган. Корея Республикасида ишга жойлаштириш хусусий бандлик агентликлари ваколатига кирмайди.
Мазкур хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганлар бўлса, ИИББга мурожаат қилиш сўралади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь