Вазир магистратурага кириш учун чет тили сертификати талаб қилиниши масаласига ойдинлик киритди
Жамият
−
07 Июнь 2022
248022022-2023 йилда магистратура босқичига ҳужжат топшириш учун чет тилини билиш бўйича сертификат талаб қилинади. Бу ҳақда бугун, 7 июнь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу йил магистратурага ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати мажбурийлигича қолади. Мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди, фақат дипломнинг ўртача бали ҳисобга олинади. Квота тўлмаса, қишда яна бир марта қабул бўлади.
“Агар бола инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади? Шунинг учун ҳам биз рухсат олдик: халқаро ё маҳаллий чет тили сертификат билан ҳужжат топширган абитуриент магистратурага киришда мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Мутахассислик бўйича имтиҳон – қарийб бор бўйи билан коррупция. Дипломнинг ўртача балли ҳисобланади ва бу билан ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади”, дейди Тошқулов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 20 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида магистратурага ҳужжат топшириш жарёнини ўзгартириш белгиланган.
Хусусан, қарорга мувофиқ, хорижий тилларни ўқитиш соҳасига малакали кадрларни жалб қилиш ва соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилсин. Бунда, филология йўналишлари бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши назарда тутиш белгиланган.