Вазир Иноятовнинг шифокорларни халқнинг ўзи боқиб олиши ҳақидаги гаплари порахўрликка имтиёзми? (видео)
Жамият
−
06 Февраль 2023
17434Бир неча кун олдин Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фарғона вилоятида тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупцияни бартараф этиш масаласини муҳокама қилган.
Ижтимоий тармоқларда эса вазир ва шифокор ўртасидаги суҳбат акс этган видеолар тарқалиб, катта шов-шувларни келтириб чиқарди.
Унда вазир Иноятов шифокордан маоши қанчалигини сўраган ва шифокорнинг “5,5 млн”, деган жавобини эшитгач, унга “беморни даволасангиз, ўзи чин дилдан пул беради. Етмайдими?” дея юзланган.
“Шу беморни агар меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам ўзи хурсанд бўлиб, бериб кетади. Тўғрими? Вазир сифатида айтиш қанчалик тўғри [ёки йўқ], лекин мен очиқ-ойдин айтаяпман. Етмайдими? Мана савол. Етмайдими деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз керак-да”, деган Амрилло Иноятов.
Бундан ташқари, вазир ўзи ҳам операция қилишини қистириб ўтган ва шифокор ўзининг брендини яратса, уни халқнинг ўзи боқиб олишини айтган.
“Гар қаноат бирла юрсанг барқарор, дунёда ҳеч бўлмагайсан хори-зор. Одам сабрли бўлиб, қаноат билан ўзини устида ишлаб, ўзини брендини яратса, халқнинг ўзи шундай боқадики… Эҳ-ҳэээ жонажон халқимиз ўзи оёғингизни ерга теккизмай олиб юради”, деган Соғлиқни сақлаш вазири.
Унинг бу фикрларига эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдириб, шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш бу ноқонуний эканини билдирган.
“Бугун ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган шифокорларнинг шароитини яхшилаш коррупциянинг олдини олишга хизмат қилиши тўғрисидаги таклифга Соғлиқни сақлаш вазирининг “Беморга меҳр билан ёндашсангиз, рози бўлиб, ўзи сизга бериб кетади” мазмунида билдирган муносабати юзасидан Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши қуйидагиларни маълум қилади.
... Жамоатчилик кенгаши шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий мақсади бўлиши лозимлигини билдиради.
Шунингдек, ушбу масала устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини маълум қилади”, дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши муносабатида.
Қайд этилишича, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракатдир.
“Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида “Тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш” белгиланган”, дея қўшимча қилинади баёнотда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь