Вазир Бахтиёр Саидов Туркиядаги ўзбеклар яшайдиган маҳаллага борди
Жамият
−
18 Февраль 2023
9447Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси Бахтиёр Саидов бугун, 18 февраль куни 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар яшайдиган Овакент маҳалласида бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи Telegram саҳифасида маълум қилди.
“Маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш учун дунёнинг турли бурчакларидан бу ерга келган барча ватандошларимиздан миннатдормиз. Мудофаа вазирлиги кўчма госпитали 2000 га яқин жароҳатланганларга ёрдам кўрсатди, ФВВ ходимлари эса вайроналар остидан 30 дан ортиқ одамни қутқариб олди”, дея ёзган Саидов.
Аввалроқ у туркиялик ҳамкасби, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу билан кўришиб, унга ҳамдардлик билдирган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг 8 февраль куни Бахтиёр Саидов Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, даҳшатли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган ҳамдардлик китобига ўз қайдини қолдирганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда 7 баллдан ортиқ (маҳаллий вақт билан соат 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) бўлган иккита зилзила содир бўлди.
Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони 39 672 нафарни ташкил этмоқда. 108 мингдан ортиқ жароҳатланганлар қайд этилди.
LiveБарчаси