Вашингтонда 1 сентябрь “Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги куни” деб эълон қилинди
Жамият
−
02 Сентябрь 2023
7024Вашингтон шаҳри мэри Муриел Баузер жорий йилнинг 1 сентябрини АҚШ пойтахтида “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ пойтахти мэри Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллиги билан декларация қабул қилган ва унда Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини таъкидлаган. Мэрнинг баёнотида ушбу куннинг аҳамияти эътироф этилибгина қолмай, балки ўзбек жамоаларининг АҚШ пойтахтига хос “бой хилма-хиллик, маданият ва анъаналарга” қўшган ҳиссаси урғуланган.
Декларацияда таъкидланишича, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, чегара ва минтақавий хавфсизлик дастурлари, иқтисодий лойиҳалар, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инглиз тили таълимини ривожлантириш каби йўналишларда мустаҳкам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.
Бундан ташқари, шаҳар мэрияси Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шахслараро алоқаларни йўлга қўйиш ва икки давлат ўртасида маданий алмашинувни ривожлантиришда салмоқли муваффақиятларга эришгани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мустақиллик куни муносабати билан АҚШ Президенти Жо Байден Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Ўзбекистон халқига табрик йўллаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь