Вашингтон Украинанинг Америка қуролларидан Қримга зарба беришини маъқуллади – ОАВ

Олам 8332
image
-

Қўшма Штатлар, агар Киев зарур деб ҳисобласа, Қримдаги зарбалар учун Украинага берилган қуроллардан фойдаланишни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда “Politico” нашрига америкалик юқори мартабали мулозим маълум қилди.

Нашрнинг исми сир қолишини истаган суҳбатдошига кўра, АҚШ Украинани ўзини ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ билан таъминлаган. 

“Суверен Украина тупроғида улар таъқиб қилишга қарор қилган ҳар қандай нишон, ўзини ҳимоя қилишдир”, дегпн у ва қурол ишлатиш учун нишонларни Америка томони танламаслигини қўшимча қилган.

АҚШ маъмурияти ярим оролни суверен Украина ҳудуди деб ҳисоблайдими, деган саволга расмий “Қрим – Украина”, деб жавоб берган.

Худди шу фикрни АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси, Дональд Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлиб ишлаган Курт Волкер ҳам билдирди. 

“Қримдаги Россия кучларига ҳужум қилиш Киев атрофида, Херсонда ёки Украина шарқида уларга ҳужум қилишдан фарқ қилмайди”, дейди у.

Ўз навбатида, Украина расмийлари вакили Киев АҚШнинг Қримдаги нишонларга қарши қурол қўллаш бўйича бундай ёндашувидан хабардор эканлигини аниқ айтди.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Қримнинг Жанкой туманидаги Азовское қишлоғидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлди.

Қрим-татар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаровнинг айтишича, руслар портлашлар эпицентридан 5 километр радиусдаги ҳудудни ўраб олган ва тинч аҳолини эвакуация қилган.

РФ Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар сақланадиган жойда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ва кейинроқ Россия томони саботаж уюштирилганини эълон қилди.

Ғарб ОАВда эса Қримдаги портлашга Украина ҳарбийлари уюштирган ракета зарбаси сабаб бўлганини ёзди.

Шунингдек, 9 август куни Қримда, Новофедоровка аҳоли пункти ҳудудида бир қатор портлашлар содир бўлганди ва Саки аэродроми ҳудудида ёнғин чиққанди. Портлашлар натижасида камида 9 та самолёт йўқ қилинган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 2.8
t
×