Вашингтон мэри 1 сентябрни “Ўзбекистон мустақиллиги куни” сифатида расман эълон қилди
Олам
−
01 Сентябрь
11245АҚШ пойтахти Вашингтон мэри Мюриел Баузер Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигини юксак эътироф этди ва ушбу кунни Вашингтонда “Ўзбекистон мустақиллиги куни” сифатида расман эълон қилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
“Вашингтон шаҳри Америка Қўшма Штатларининг пойтахти сифатида Ўзбекистон мустақиллиги ва унинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини катта ҳурмат билан эътироф этади”, деган Мюриел Баузер.
“Қўшма Штатлар пойтахтида 1 сентябрнинг Ўзбекистон Мустақиллиги куни деб эълон қилиниши икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганининг ифодасидир. Сўнгги йилларда шаклланган ҳамкорлик ўзаро стратегик шериклик муносабатларининг ёрқин намунаси бўлиб, турли соҳаларда ҳамкорликнинг янада кенгайишига хизмат қилмоқда”, дейилади хабарда.
Мэрнинг махсус баёнотига кўра, АҚШ ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, чегара ва минтақавий хавфсизлик дастурлари, маданий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инглиз тилида таълим беришни ривожлантириш бўйича мустаҳкам, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар алоҳида мамнуният билан қўллаб-қувватланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ҳам 1 сентябрь Вашингтонда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги куни” деб расман эълон қилинганди.
LiveБарчаси