Вакцина олиш коронавирус юқмайди дегани эмас – ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили

Жамият 2020
image
-

Коронавирусга қарши вакциналар одамни касалликдан ҳимоя қилиш мутлақ тасдиқланмаган. Бу ҳақда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс айтиб ўтди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш Наврўз байрамидан кейин бошланиши режалаштирилган. Бу ерга олиб келинаётган вакциналарнинг барчаси ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналар ҳисобланади.

“Алоҳида таъкидлаш керакки, вакцина — коронавирусга қарши курашда кичик бир қурол. У коронавирусга чалинган инсон ҳолатининг жиддийлашишининг олдини олишда сўзсиз ёрдам беради. Бироқ вакцина инсонни коронавирусни юқтиришдан сақлаши ҳали тасдиқланмаган. 

Дейлик, бугун сиз вакцина олсангиз эртага ёки индинга ўзингиз ёки яна бошқа инсонга юқтиришингиз ҳам мумкин. Шу боис вакцина олган инсонлар ҳам карантин талабларига риоя қилиши шарт”, дейди Куппенс.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистон аҳолини коронавирусга қарши эмлашда 3 хил вакцинадан фойдалинишини айтганди. Булар AstraZeneca, “Спутник V” ва ZF-UZ-VAC 2001 (ZF-2001) вакциналари.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, бу вакциналарнинг фақат биттаси AstraZeneca ЖССТ томонидан расман фавқулодда қўллаш учун тавсия этилган. Аммо қатор Европа давлатлари ушбу вакцинадан фойдаланишни вақтинча тўхтатди. Бунга вакцинациядан кейин ўлим ҳолатлари кузатилгани сабаб бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 2.9
t
×