“Вагнер” сафида жанг қилган ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
11 Июль
34434Россияга ишлаш мақсадида кетиб, у ерда “Вагнер” сафига қўшилган ва Украинага қарши жанг қилган 26 ёшли ўзбекистонликка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Маълум бўлишича, фуқаро Ш.Й. 2019 йилда пул ишлаб топиш мақсадида Россияга чиқиб кетган. У Москва шаҳрида ишлаши давомида, гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган ва 2021 йил 30 сентябрда жиноят ишлари бўйича Россия Федерацияси Калужская вилояти Обнинск шаҳар суди томонидан РФ Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича айбли деб топилиб, суд ҳукмига асосан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниш жазоси тайинланган.
Судланувчи Ш.Й. жазони ўташ даврида Россия ҳарбийларининг таклифига кўра, 2022 йил 22 октябрдан 2023 йил 22 апрелга қадар “Вагнер” хусусий ширкатида 6 ой хизмат қилиб, ушбу хизмати эвазига муқаддам суд ҳукмига кўра, тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинган ва 950 000 Россия рубли миқдорида пул мукофоти ҳамда “За отвагу” номли кўкрак нишони билан тақдирланганлиги аниқланган.
Жорий йилнинг 30 май куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган ва Ш.Й. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасининг (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15