Вафот этган 7 нафар санъаткор “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонига муносиб топилган маданият ва санъат соҳаси вакиллари рўйхатини эълон қилди. Улар орасида етти нафар вафот этган санаъткор ҳам бор.

Маълум қилинишича, оламдан ўтган маданият ходимларидан Дилбар Икромова, Фатҳулла Маъсудов, Абдураим Абдуваҳобов, Шуҳрат Қаюмов, Ҳошим Арслонов, Клара Жалилова ҳамда Руслан Шариповлар “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонига муносиб кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов жорий йилнинг 30 август куни 57 ёшида вафот этганди Ундан бир неча кун олдин Маъсудовнинг  коронавирус-пневмония хасталиги билан Тошкентдаги хусусий шифохонада бир неча кундан буён даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова жорий йилнинг 25 август куни 73 ёшида вафот этганди. Актриса бир ойдан буён коронавирус-пневмония хасталигидан даволанаётган бўлган.

Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 57 ёшида вафот этди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов жорий йилнинг 29 май куни 64 ёшида вафот этганди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов жорий йилнинг 22 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Клара Жалилова жорий йилнинг 20 ноябрь куни 82 ёшида вафот этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли мусиқачи ва бастакор Руслан Шарипов жорий йилнинг 28 июль куни 54 ёшида вафот этди. Унинг вафотига инсульт касаллиги сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

611

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг