Ва ниҳоят! Эрдўған ва Раисий учрашди (фото, видео)

Олам

image

Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг чоршанба куни Туркияга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида 10 та ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Туркия раҳбари Раисий билан бирга бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

“Биз Туркия ва Эрон ўртасида энергия, туризм, маданият, савдо ва коммуникация соҳаларини қамраб олувчи 10 та янги шартнома имзоладик”, деган Эрдўған.

Эрон Президенти эса икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятида эканини, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилганини очиқлади.

Кун аввалида Эрдўған ва Раисий икки соат мобайнида яккама-якка учрашув ўтказган. Президентлар Туркия-Эрон Олий даражали ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи йиғилишига ҳам раислик қилган.

Йиғилишда икки етакчи ҳамкорлик битимларини имзолаб, терроризм, қурол-яроғ контрабандаси, гиёҳвандлик, чегараларда уюшган жиноятчиликка қарши кураш ва Ғазодаги инқирозни муҳокама қилган.

Икки давлат раҳбарларининг фикрича, Яқин Шарқ минтақасидаги кескинлик ва Қизил денгиздаги хавфсизлик вазияти Исроил расмийларининг ҳаракатлари натижасидир.

Улар Исроилнинг Ғазога ғайриинсоний ҳужумларини тўхтатиш, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлаб, томонлар минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига хавф солиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳақида келишиб олган.

“Фаластин масаласи ҳам Туркияни, ҳам Эронни катта ташвишга солмоқда”, деган Эрдўған ўз нутқида.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия ва Эрон биргаликда БМТ тузилмалари орқали фаластинликларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини давом эттиради.

Эрон раҳбари Эрдўғанга форс шоири Ҳофиз Шерозийнинг  китобини ҳадя қилар экан, китобдан "Хотиржам бўл, золим манзилга етмас", мазмунидаги байтни ўқиган Раисий “Худо хоҳласа, сионистик режим ҳам тугайди”, деб қўшиб қўйган.

Эрон Президенти АҚШ Тель-Авивни қўллаб-қувватлаётгани учун Исроилнинг Ғазодаги ваҳшийликлари учун ҳам жавобгар эканини айтиб ўтган.

Матбуот анжуманида Кирмондаги портлашларни ёдга олган Эрдўған бу хуружларни қатъий қоралашини билдирган.

"3 январь куни Кирмонда содир бўлган даҳшатли террор ҳужумини қоралайман. Туркия терроризмга қарши курашда Эронни қўллаб-қувватлайди”, деган у.

Туркия раҳбарига кўра, расмий Анқара Эронда санкциялар бўҳрони ёғилганда ҳам савдо-иқтисодий алоқаларини тўхтатмайди. 

"Биз санкциялар туфайли қўшнимиз Эрон билан иқтисодий ва савдо алоқаларимизни тўхтатганимиз йўқ ва тўхтатмаймиз ҳам”, деган Эрдўған.

Ўз навбатида Раисий Эрон ва Туркия муносабатлари яхшилигини, Теҳрон келажакда икки томонлама алоқаларни янада юқори даражага олиб чиқиш ниятидалигини тилга олган.

“Террор Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши билан содир бўлади. Биз террорга қарши курашда қатъиймиз. Бу масалада иккиланиш йўқ. Туркиянинг хавфсизлиги бизнинг хавфсизлигимиздир”, деган Раисий.

Бундан ташқари Анқарадаги учрашувда Украинадаги инқирозни дипломатик йўл билан адолатли ҳал этиш масаласи ҳам кўтарилган.

Шу билан бирга, Эрон ва Туркия Остона форматидаги ҳамкорлар сифатида Сурияда тинчликни сақлашга интилишларини таъкидлаган ва араб республикасининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқликларини билдирган.

Бундан ташқари, улар 2021 йилда Афғонистон ҳокимиятига келган “Толибон” ҳаракати расмийлари билан амалий ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйишни муҳим деб ҳисоблаган.

Қўшимча қилинишича, Президентлар Жанубий Кавказ ва Ироқдаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Кавказ минтақаси давлатларининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда, икки давлат "3+3" мулоқоти механизмини аъзо давлатлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва конструктив ҳамкорлик учун қулай платформа сифатида баҳолаган.

Маълумот учун, Туркия ташаббуси билан ташкил этилган минтақавий платформа Жанубий Кавказнинг уч давлати – Арманистон, Грузия ва Озарбайжон ҳамда уч қўшни давлат – Россия, Эрон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни ўз ичига олади. Платформа доирасида учта, иккитаси Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида, учинчиси Ташқи ишлар вазирлари даражасида бўлиб ўтган. Грузия бу учрашувларнинг ҳеч бирида қатнашмаган.

Ҳар икки томон Ямандаги вазиятни ҳам муҳокама қилар экан, сиёсий ечим топиш, бу мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, Яман халқига зудлик билан инсонпарварлик ёрдами, жумладан озиқ-овқат ва дори-дармонлар юбориш зарурлигини билдирган.

Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Туркияга бир кунлик расмий ташрифдан сўнг, бугун саҳар соатларида Теҳронга қайтиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон раҳбарининг сафари икки марта, аввал БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторидаги вазиятга бағишланган йиғилиши туфайли, кейинроқ эса, генерал Қосим Сулаймоний вафотининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган дафн маросимида содир этилган теракт туфайли бекор қилинганди. Аммо “Ашарқ ал-Аwсат” газетасининг билдиришича, Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг Туркияга режалаштирилган ташрифи бекор қилиниши мамлакат етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг хоҳишига кўра бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Ражаб Тойиб Эрдўған Иброҳим Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг