“Ваъда бериб, бажаришмади”. “Зирапча”даги Хумора кимдан норози?

Интервью 13115

Аввалроқ, “Зирапча” реалити-шоуси иштирокчиларидан бири Хумора Иминжонова Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) қилганликда айбланиб судлангани, Суд Хумора Иминжановага нисбатан шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ва бир йил синов муддати белгилагани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, Хумора Иминжонова QALAMPIR.UZ таҳририятига мурожаат қилди. 

Хумора Иминжанова “Ёшлар иттифоқи”дан норози. Хуморанинг айтишича, ташкилот мутасаддилари судига қатнашиш, кафиллик қилиш ҳақида ОАВ орқали ваъда қилишган-у, бироқ ваъда бажарилмай қолиб кетган.

“Зирапча” телелойиҳасида Ёшлар иттифоқининг вакилларидан бири Гўзал Турсунметова Хумора томонидан мурожаат этилса, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканини айтган. Бундай ваъда бир марта берилмаган. Лойиҳанинг финал сонида ҳам бу масала ҳал этилгани ҳақида таъкидланган. Яхшиси бу ҳақда Хуморанинг ўзидан эшитсак. 

Хумора Иминжанова:

—  “Тергов ҳаракатлари “Зирапча” телелойиҳасида қатнашаётган вақтимдаёқ бошланган экан. 8 ойлар аввал суд бўлиб, “дело” ёпилган эди. Билишимча, яна қайта очилган. Лойиҳа тугаганидан сўнг, тергов ҳақида билдим. Мен Россияга кетмоқчи эдим. Райҳон опа ўзимизда ҳам иш топиш мумкинлигини айтди. Мен одамлардан ҳеч нарса яширмайман. Ўшанда ҳам айтганман. Бу ишлар кўрсатувдан олдин бўлган. 

Кўрсатувга келишимдан мақсад – ўзимни характеримни ўзгартириш, психологлар билан мулоқот қилиш бўлган. Бу йўлнинг охири йўқ, тўғри йўлдан олиб боришади деб борганман. 23 январь куни суд бўлди. Мен Ёшлар иттифоқига хужжат топширдим. Ариза бердим. Суд бўлганида, боришни ваъда қилишди. Суддан бир кун олдин телефон қилдим. Гўзал опа (Турсунметова – таҳр.) кейинги суд мажлисига келишини айтди. Кейинги суд мажлисида ҳам ҳеч ким келмади. Улар кўрсатувда ҳам ёрдам беришларини айтганди, кўплаб одамларга ёрдам беришганини айтишганди. Йўқ, менга ёрдам беришмади. 

Давлат томонидан менга адвокат берилди. Ўша адвокат мени ҳимоя қилиб олиб чиқди. Суд ҳукми билан менга 1 августгача муддат берилди. Бироқ МИБ ходимлари 15 кун ичида тўлашимни айтмоқда. 15 кун ичида шунча пулни мен қаёқдан оламан? Ёшлар иттифоқидан келишганида, бошқача бўлармиди, балки... “Melek” компанияси томонидан иш берилганди. 3 ойга ётоқ жойи билан деб айтишганди. Ҳозир ётоқ жой йўқ деб айтишмоқда. Ишга 100 кмдан келиб кетмайман-ку.

Ёшлар иттифоқидагилар менга ваъда бермаса, одамга ишонч бермасдан, бу гапни айтмаганлари яхши эди”.                 Таҳририят ушбу масала юзасидан ҳозирча фақатгина тарафлардан бирининг сўзларига қулоқ тутди. Бу ҳақиқий воқелик дейишдан йироқмиз. Иккинчи томон сифатида ўз тушунтиришлари ёки қарши фикрлари бўлса, Ёшлар иттифоқининг вакилига ҳам минбар беришга ҳамиша тайёрмиз. 

Таҳририят воқеалар ривожини албатта кузатиб боради.  

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 372
Рейтинг: 2.9
t
×