“Ўзтрансгаз” бошқарув раисига ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
09 Октябрь 2023
7201“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аскар Исоқовга ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 9 октябрь куни Раҳмонов Муҳсин Нарзуллоевич компания бошқарув раисининг биринчи ўринбосари – бош муҳандис лавозимига тайинланган. У тайинловга қадар “Ўзтрансгаз” АЖ Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари – бош муҳандис лавозимида фаолият юритаётган эди.
Шунингдек, Байбаев Жаҳонгир Бахтиёрович компания бошқарув раисининг қурилиш ва транспорт бўйича ўринбосари этиб тайинланган.
Байбаев шу пайтга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – “Ўзэнергоинспекция” Нефть-газ соҳасида назорат тадбирларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Сафаров Шоҳжаҳон Илҳомович компания бошқарув раисининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланган. У мазкур тайинловгача “Ўзтрансгаз” АЖ инвестициялар ва истиқболли ривожланиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаётганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 август куни Аскар Исоқов “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди.
LiveБарчаси