ЎзПФЛ Жаҳон Профессионал футбол лигалари ассоциацияси аъзосига айланди
Спорт
−
11 Январь 2023
3610Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси дунёдаги энг етакчи футбол лигаларини ўзида бирлаштирган Жаҳон Профессионал футбол лигалари ассоциациясининг тўлақонли аъзосига айланди. Бу ҳақда лига ўз расмий саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, World Association of Professional Football Leagues (WLF) дунё бўйлаб 44 та энг етакчи лигани ўзида бирлаштирган халқаро ташкилот ҳисобланади.
2015 йилнинг 1 декабрь куни 23 та лига Парижда ўзаро ҳамфикрлик декларациясини имзолагач, ассоциация тузиш учун биринчи қадам қўйилди. 2016 йилнинг 1 май куни Цюрихда мазкур ташкилотга расман асос солинган.
Ушбу ассоциация футбол лигалари манфаатларини ҳимоя қилади ва халқаро мусобақалар тақвимини тузишда FIFA ва қитъалар конфедерацияларига ўз аъзолари манфаатидан келиб чиқиб, тавсия ва таклифлар киритиб келади. Шунингдек, турли йўналишларда IFAB, FIFPro каби ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Маълумот учун, Европанинг топ-5 чемпионатлари, яъни АПЛ, Ла Лига, А Серия каби машҳур биринчиликлар ҳам WLF аъзоси ҳисобланади.