ЎзПФЛ ёшини сунъий кичрайтирган футболчилар иши прокуратурага оширилишини маълум қилди

Спорт

image

Бугун, 7 октябрь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан биологик ёшини сунъий кичрайтирган футболчилар иши прокуратурага оширилиши маълум қилинди.

Хабарда келтирилишича, жорий йилнинг 28 сентябрь куни ЎзПФЛ Суперлиганинг икки клуби биологик ёшини сунъий кичрайтирган уч футболчини рўйхатдан ўтказгани ҳақида маълумот берган, бироқ клублар номини очиқламаган. Ҳолат аниқлангач, “Насаф” ва “Сўғдиёна” жамоаларига футболчиларнинг ҳужжатларини ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштириш ҳаракатини бошлаш ва бу ҳолат қонун доирасида ҳал этилишини таъминлаш учун 20 октябрга қадар муҳлат берилган. Шунингдек, уч нафар футболчининг лицензиялари олиб қўйилган.

“Хат юборилган куннинг эртасига, яъни, 29 сентябрь куни “Насаф” футбол клуби жавоб хати тақдим этди ва унда юқоридаги икки нафар футболчи билан тузилган шартномалар бекор қилингани ҳамда жамоадан четлаштирилгани маълум қилинди. “Сўғдиёна” футбол клуби эса 6 октябрь куни жавоб хати тақдим этди. Унда футболчининг ҳужжати шу йилнинг 30 сентябрь куни ҳақиқий туғилган йили бўйича белгиланган тартибда расмийлаштирилгани маълум қилинган ҳамда ҳужжат нусхаси илова қилинган”, дейилади хабарда.  

Маълум қилинишича, Қарши шаҳри жамоаси билан шартномаси бекор бўлган футболчилар иши вилоят прокуратурасига оширилади:

“ЎзПФЛ “Насаф” футбол клубининг қарорини қўллаб-қувватлайди, зеро карьерасини ғирром йўл билан бошлайдиган футболчилар ва уларнинг ота-оналари кейинчалик бошқа иллатларга ҳам аралашмасликларига ҳеч ким кафолат бермайди. Гарчи икки футболчи клубдан четлаштирилган бўлса-да, уларда бошқа клублар сафида ҳам ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштирилмаган ҳужжат билан ҳаракат қилиш имконияти мавжуд эканидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ мазкур футболчилар ишини қонуний баҳо бериш учун тегишли вилоят прокуратурасига оширади”.

Шунингдек, “Сўғдиёна” футбол клуби томонидан тақдим этилган жавоб хатида ЎзПФЛ талаби қаноатлантирилган ҳамда футболчи кечикиб бўлса-да ўз ҳужжатини ҳақиқий туғилган йили бўйича тўғри расмийлаштирган. Мазкур қонун бузилиш ҳолатига ваколатли орган томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши айтиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Насаф ЎзПФЛ Прокуратура Сўғдиёна PFL

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг