Узоқ вақт ишлаш инсульт ва юрак-қон томирлари касаллиги хавфини оширади — ЖССТ 

Саломатлик

image

2016 йилда давомли иш куни 745 минг кишининг инсульт ва юрак-қон томирлари касаллигидан вафот этишига сабаб бўлди, бу 2000 йилга нисбатан 29 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги маълумотларига асосланиб “Environment International” журнали хабар берган. 

ЖССТ ва ХМТнинг глобал таҳлилига кўра, 2016 йилда ҳафтасига камида 55 соат ишлаган 398 минг киши инсультдан ва 347 минг киши юрак хасталигидан вафот этган. 2000 йилдан 2016 йилгача узоқ муддатли иш натижасида юрак хасталигидан вафот этиш 42 фоизга, инсультдан вафот этиш 19 фоизга ошган.

Иш билан боғлиқ касалликнинг бу юки эркаклар (уларга ўлимнинг 72 фоизи тўғри келади), Тинч океанининг ғарбий қисми ва Жануби-шарқий Осиё минтақалари аҳолиси ҳамда ўрта ва катта ёшдаги ишчилар орасида айниқса юқори.

Ўлимларнинг аксарияти 60-79 ёш оралиғида ҳафтасига 55 соатдан кўпроқ ишлайдиган 45 дан 74 ёшгача бўлган одамлар орасида қайд этилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига 55 соат ёки ундан кўпроқ вақт давомида ишлаш ҳафтасига 35-40 соат ишлаш билан таққослаганда, инсульт хавфини 35 фоизга ва юрак-қон томирлари касаллиги хавфини 17 фоизга оширган.

Бундан ташқари, иш вақтидан ташқари ҳолатда ҳам ишлайдиганлар сони тобора кўпайиб бормоқда ва улар ҳозирги кунда бутун дунё аҳолисининг 9 фоизини ташкил қилмоқда. Ушбу тенденция билан кўплаб одамлар ногиронлик ва эрта ўлим хавфига дуч келмоқда. 

“COVID-19 пандемияси кўплаб одамларнинг ишлаш услубини тубдан ўзгартирди. Масофадан ишлаш кўплаб соҳаларда одатий ҳолга айланиб, кўп ҳолларда уй ва иш ўртасидаги чизиқларни бузмоқда. Ҳеч қандай иш инсульт ёки юрак хуружи хавфига арзимайди. Ҳукуматлар, иш берувчилар ва ходимлар кучларни бирлаштириб, одамлар соғлиғини ҳимоя қилиш учун баъзи чекловлар тўғрисида келишиб олишлари шарт”, деган ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус. 

“Ҳафтасига 55 соат ёки ундан кўпроқ вақт ишлаш соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Биз — ҳукуматлар, иш берувчилар ва ходимлар узоқ вақт ишлаш эрта ўлимга олиб келиши мумкинлигини англаб етишимизнинг вақти келди”, деган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мария Нейра.

Ҳукуматлар, иш берувчилар ва ходимлар инсон саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириши мумкин: 

•  Ҳукуматлар мажбурий ортиқча иш вақтини тақиқлайдиган ва максимал иш вақтини чеклайдиган қонун ва қоидаларни қабул қилиши, амалга ошириши ва бажариши мумкин; 

•  Иш берувчилар ва ходимлар уюшмалари ўртасида тузилган икки томонлама ёки жамоавий битимлар максимал иш вақтини белгилаш орқали янада мослашувчан иш вақтини таъминлаши мумкин; 

•  ходимлар иш вақтини ҳафтасига 55 соатдан ошмайдиган қилиб тақсимлашлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ иш соат

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг