ЎзЛиДеП Конституцияни ислоҳ қилишни бошлаш таклифи билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Либерал-демократик партия фракцияси мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритишни жараёнини бошлашни таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 16 май куни партия фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилган.

“Фракция аъзолари Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилишди”, дейилади партия хабарида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЎзЛиДеп фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сурилаётган ташаббус Қонунчилик палатасидаги яна бир етакчи фракцияси – “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳам мақсад, вазифалари ҳамда сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанглигидан келиб чиқиб, ушбу масалани мазкур фракцияларнинг қўшма йиғилишида муҳокамага қўйилиши ташаббуси илгари сурилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 7 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида асосий қомусда ўзгартиришларга асос бўладиган 9 ҳолатни санаганди:

•    илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;

•    иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши;

•    “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;

•    Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш;

•    ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада акс эттириш;

•    “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;

•    Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;

•    Ўзбекистон Конституциясида ҳам экология масаласига доир ҳуқуқий нормалар киритиш;

•    Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг