“Ўзларидан подшоҳ ясаб олган, валломат”. Тошкент марказида яна дарахтлар йўқ қилинмоқда (видео)
3-саҳифа
−
20 Февраль 2953 3 дақиқа
Тошкентдаги Миллий боғ ҳудудида дарахтлар ноқонуний кесилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Собиқ депутатга кўра, Миллий боғ ҳудудининг бир қисми ўраб олинган ва бу Озарбайжон давлатидан бўлган инвесторларга берилган. Дарахтлар эса ноқонуний равишда кесиб ташланган ҳамда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
“Бутун тошкентликлар, ўзбекистонликлар билиб олсин. Мана шу Миллий боғнинг йўқ бўлишига қисман ҳисса қўшаётган, Ўзбекистон табиатини ёмонлашга ҳисса қўшаётганлар қаторида мана шу хорижлик инвесторлар ҳам бор”, деган у.
Кушербоевнинг қўшимча қилишича, бу дарахткушларнинг ортида жуда катта қўлловчилари бор. Қўмита рухсат бермаган бўлса ҳам улар очиқчасига дарахтларни кесиб ташламоқда ва ваколати бўлишига қарамай, уни ҳам киргизишмаган.
“Қойилмисиз? Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси сифатида мени ҳаққим бор бу ҳудудларни ўрганишга, жамоатчилик назоратини субъекти сифатида, фуқаро сифатида ҳаққимиз бор”, дейди у.
Қолаверса, қонун бузилиши бўлаётган, табиатга зарар етказаётган бўлса-да уларни ўзига бўлган ишончи юқори эканини қайд этган Кушербоев экология ходимларини менсимаслик, қонунларни оёқ ости қилиш бу ерда оддий ҳол бўлиб қолганини айтган.
“Умуман Президент фармонининг талабини ҳам менсимаслик шунақа даражада кучли. Ким буни ортида турган бўлса ҳам билиб қўйиш керакки, сиз ҳимоя қилаётган, қўллаб-қувватлаётган одамлар Ўзбекистон халқига, уни табиатига зарар етказяпти. Ўзбекистон қонунларини оёқ ости қиляпти. Президент фармонини талабларини оёқ-ости қиляпти”, деган Кушербоев.
Ички ишлар органларини чақириб, прокуратурага чиқиб, сўнгра ҳудудга кира олганини билдирган қўмита раиси маслаҳатчиси кесиб ташланган дарахт камида 12 та эканини маълум қилган.
“Қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланган. Энди ҳар хил баҳоналар қилишяпти. Ўзларидан бир подшоҳ ясаб олган, валломат. Мана шу ерда булар нон топяпти, туз топяпти. Иккита давлатни, иккита халқни ўртасидаги муносабатларга булар путур етказишга ҳисса қўшяпти. Иккита давлатни раҳбарлари борди-келди қиляпти, лекин Ўзбекистонни, қонунларни менсимайдиган инвесторлар иккита ўртага совуқчилик соляпти”, дейди у.
Ўзбекистон фуқароси сифатида, экология ходими сифатида Ўзбекистонга келиб зараркунандалик қилаётган инвесторлардан норози эканини билдирган Кушербоев хорижликлар Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ерини ҳурмат қилиши кераклигини талаб қилган.
“Шунинг учун ўртоқлар, билиб қўйинглар, мана Ўзбекистонни табиатига зарар етказаётганлар қаторида булар ҳам бор. Номини билмайман, лекин билганимиз шуки, жуда осмонда булар. Менга ҳам қўнғироқ қилиб чиқмаган одам қолмади. Миллий боғнинг йўқ бўлиб боришиГА, Тошкент ҳавосининг ёмонлашишига булар ҳам қисса қўшяпти”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 3 минг доллар эвазига дарахт кесишга рухсат берган экология ходими ушланган эди.
Live
Барчаси