ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасига қарши чиқди
Жамият
−
24 Апрель
12033Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни-кечаги ялпи мажлисида агросаноат соҳасида янги бозор механизмлари жорий этилганлиги муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Лойиҳада мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги судга мурожаат этган тақдирда давлат божидан озод қилиниши назарда тутиляпти.
Агентлик ўз манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилганда ҳам давлат божидан озод этилиши тўғрисидаги норма Ўзбекистон ХДП фракциясининг қатъий эътирозларига сабаб бўлди. Чунки, агентлик мақсадсиз ишлатилган, деб ҳисоблаган субсидия маблағларини суд орқали қайтаришга уриниши субсидия олган фуқароларга қийинчилик туғдириши, бунинг оқибатида турли тушунмовчилик ва муаммолар юзага келиши мумкин. Бу эса Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларига тўғри келмаслиги қайд этилди.
Хусусан, ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова қонун лойиҳаси айнан кимнинг манфаатлари хизмат қилиши масаласи очиқ қолаётганидан хавотир билдирди. Шунинг учун лойиҳани концептуал қайта кўриб чиқиш бўйича фракция позициясини билдирди.
Фракциянинг яна бир аъзоси Анвархон Темиров иссиқхоналар учун ажратилган субсидияларнинг самарадорлигини баҳолаш чуқур ёндашувни талаб қилиши, чунки иссиқхоналар бир-икки йилда барқарор даромадга кирмаслиги, шунингдек, ажратилган субсидияларнинг манзиллиги учун биринчи навбатда агентлик ўзи масъул бўлиши кераклигини таъкидлади. Мақсадсиз ишлатилган, деб топилган субсидияларни қайтаришга ҳаракат камбағалликни қисқартириш борасидаги қўллаб-қувватловчи ёндашувга зид бўлиб қолишини алоҳида қайд этди. Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасини қайта ишлаш талаб этилишини фракция номидан билдирди.
“Адолат” фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов эса қонун лойиҳасининг асосий моҳиятига эътибор қаратиб, қонун ташаббускорларига давлат божини тўлашдан озод қилинган субъектлар қаторига яна бир субъектнинг қўшилиши судлар юкламасининг ортиб кетишига хизмат қилмайдими? дея савол билан юзланди.
“Статистик маълумотларга кўра, 2023-2024 йилларда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан судларга бор йўғи 22 та даъво аризалари киритилиб, шундан 12 таси қаноатлантирилган, қолган қисми кўрмасдан қолдирилган. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида бу рақамлар сони кескин ошиб кетиши мумкин”, деди у.
Қонун ташаббускорларининг кўтарилган масала юзасидан берган тушунтиришларидан сўнг, раислик қилувчи томонидан ЎзЛиДеП фракцияси раҳбарининг муносабати сўралди.
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов фракция партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишни ва берилган таклифлар асосида уни иккинчи ўқишга тайёрлаш лозимлигини таъкидлади. Фракциянинг яна бир аъзоси Руслан Собиров эса қонун лойиҳаси ушбу соҳада фаолият юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини қайд этиб, уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Айнан шу нуқтада парламентдаги икки фракция раҳбарларининг фикрлари тўқнашди.
ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида қонун ташаббускорларига уни ялпи мажлисга биринчи ўқишга муҳокама қилиш жараёнига қадар қайта кўриб чиқиш бўйича имкон берилгани, лекин мутасаддилар ушбу таклифларни эътиборга олмаганлигини қайд этиб, лойиҳани қайта ишлаш учун ташаббускорларга қайтариш лозимлигини билдирди.
Шундан сўнг, раислик қилувчи томонидан қонун лойиҳасига масъул қўмита раиси Равшан Мамутовнинг фикри сўралди.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов ушбу қонун лойиҳаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасида ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфланишида давлат назоратини ўрнатишга қаратилганини қайд этди. Шунингдек, у лойиҳа айрим камчиликлардан ҳоли эмаслигини, яъни агентлик ваколатлари умумийликка тортиб кетгани, шу сабабли уни иккинчи ўқишга тайёрлашда нормаларни аниқ кўрсатиб ўтишни ташаббускорлар билан келишиб олганлигини таъкидлади.
Қўмита раисининг муносабатидан сўнг овозга қўйилган қонун лойиҳаси 32 та қарши овоз билан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Эндиликда, қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда ташаббускорлар билан биргаликда билдирилган эътирозларни кўриб чиқиб, ҳар бир фракция билан ишлаши зарур бўлади. Иккинчи ўқишгача муҳокама ва мунозаралар давом этади.
Парламентда мана шундай соғлом баҳс-мунозаралар кўпроқ бўлиши керак. Баҳс-мунозараларда ҳақиқат юзага чиқади, қонун такомилига етади. Бундан фақатгина давлат, жамият ва сайловчилар ютади.
LiveБарчаси