“Ўзинг учун ўл етим”. Ўзбекистонда ўқитувчилар дезинфекция воситаларини олиб келишга мажбурланяптими?

Жамият 9121
image

Маълумки, жорий йилнинг 14 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактаблари ҳам онлайн, ҳам анъанавий тартибда иш бошлаши кутилмоқда. Айни вақтда мактаблар таълим жаранларини бошлашга тайёрланмоқда. Ижтимоий тармоқларда пандемия шароитида мактаб фаолиятини ташкиллаштириш учун ўқитувчилардан талаб этилаётган турли санитария-гигиена воситалари акс этган рўйхатлар тарқалмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди. 

“Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда уларни ҳудудларга етказиш бўйича мутасадди вазирликларга топшириқлар берилди. Мактабларни дезинфекция ва антисептик воситалари билан таъминлашга эса вилоят ҳокимликлари масъул этиб белгиланди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, хусусан тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шу сабабли мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган дезинфекция воситаларининг бирортаси ҳам ўқитувчилар томонидан харид қилинмаслигини, ота-оналар томонидан эса фақатгина фарзандининг санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари учун тиббий ниқоб ва шахсий антисептиклар билан таъминланишини маълум қиламиз”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Қайд этилишича, пандемия шароитида умумтаълим мактабларга пирометр, дезинфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар марказлашган ҳолатда етказиб берилади.

Вазирлик ўқитувчилардан мактабларда бу каби ҳолат кузатилаётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга мурожаат қилишларини сўрамоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 227
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×