Қарийб 6 млн қочқин бола мактабга бора олмаяпти – БМТ
Interesting
−
14:54 262 2 minutes
2025 йилда бутун дунё бўйлаб қарийб 6 миллион қочқин бола мактабга бормаган. Молиялаштиришнинг глобал қисқартирилиши яна миллионлаб болаларни таълимдан маҳрум қилиш ва кўп йиллик илгарилашни йўққа чиқариш хавфини туғдирмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси хабар беради.
Бошқарма ўзининг “Келажак сари йўллар: таълим, имкониятлар ва мустақиллик” номли йиллик ҳисоботида мавжуд вазиятга ўз баҳосини беради: ўтган йили мактаб ёшидаги 13,1 миллион қочқин боланинг 5,8 миллиони ёки 44 фоизи таълим муассасасига қатнамаган.
Башланғич таълимдан ўрта таълимга ўтиш қочқин болалар учун энг жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда қочқинлар орасидаги кичик мактаб ёшидаги болаларнинг 65 фоизи бошланғич мактабга қатнаган, аммо атиги 32 фоизи ўрта мактабда таҳсил олган.
Қизлар учун вазият янада ёмонроқ. Бошланғич мактабда қизлар ва ўғил болалар қарийб тенг улушда ўқийди, аммо ўрта таълимда фарқ кескин ортади: қашшоқлик, хавфсизлик таҳдидлари, эрта турмуш қуриш ва бошқа омиллар тобора кўпроқ ўсмир қизларни мактабни тарк этишга мажбур қилмоқда.
Олий таълим соҳасида эса вазият бироз яхшиланган. Ўтган йили олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қочқинлар улуши бир йил олдинги 9 фоизга нисбатан рекорд даражадаги 11 фоизга етган. Умуман олганда, 450 мингдан ортиқ қочқин илк бор олий таълим олиш имкониятига эга бўлган – бу бутун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Олий таълим қочқин аёллар ва қизлар учун алоҳида қийматга эга: у кўникмалар, малака, иш ва каттароқ иқтисодий мустақилликка йўл очади.
Бироқ фойдаланиш имконияти ўта тенгсизлигича қолмоқда. Маълумот тақдим этган мамлакатларнинг 80 фоиздан ортиғида олий таълим олаётган қочқинлар улуши умуммиллий кўрсаткичдан пастлигича қолмоқда. Даромади паст ва можаролар қамраб олган давлатларда қочқинларнинг атиги 2 фоизи олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.
Бошқарма халқаро ҳамжамиятни ва ривожланиш бўйича ҳамкорларни таълимни молиялаштиришни ҳимоя қилишга ҳамда қочқинларни қабул қилувчи давлатларнинг миллий тизимларига инвестиция киритишга чақирмоқда.
Live
All