“Ўзбекнефтегаз” раҳбари Чиноздаги ёнғин нега 8 соат ўчирилганига изоҳ берди. Ҳодисада 6 киши жабрланган

Жамият 4473
image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент вилояти Чиноз туманидаги нефть базасида йирик ёнғин юз берганди. 5 минг тонналик ёнилғи резервуарида бошланган ёнғинни ўчиришга бир неча соат вақт кетган.

“Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Чиноз нефть базасидаги ёнғин нега 8 соат давом этганига изоҳ берди. Бу ҳақда “Uzreport” телеканали лавҳасида маълум қилинди.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, Чиноздаги ёнғин меҳнат хавфсизлигига риоя этилмагани учун содир бўлди. Ёнган идишда юз тоннага яқин маҳсулот бўлган.

“Биз ёнган маҳсулотни ўчиришга эмас, унинг атрофидаги идишларни қўриқлашга ҳаракат қилдик. Чунки базада 40 минг тоннагача маҳсулот бор эди, ёнаётган маҳсулотни бошқасига кўчириб ўтказишнинг имкони йўқ эди.

Ўт ўчирувчилар ўт ўчириш билан эмас, атрофидаги идишларни қўриқлагани учун ҳам ёнғин 8 соатга чўзилиб кетган.

Ёнғинда 6 киши жароҳат олган эди. Уларнинг ҳаммасининг аҳволи яхши, уйида даволаняпти”, дейган Меҳриддин Абдуллаев.

Маълумот учун, нефть базадаги ёнғин соат тахминан 11:30 ларда бошланиб, соат 18:15 да тўлиқ ўчирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 191
Рейтинг: 3
Теглар
t
×