Ўзбеклар 1 млн доллар топиши учун неча йил ишлаши керак?
Бу қизиқ
−
17 Апрель 2023
20907Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро 1 миллион доллар пул топиши учун ўртача 277 йил керак бўлади. Бу ҳақда “Picodi.com” портали эълон қилган тадқиқотда маълум бўлди.
Нашр томонидан турли мамлакатлар одамларининг ўртача ойлик иш ҳақи инобатга олиниб, миллион доллар ишлаб топишлари учун неча йил керак бўлиши ҳисоблаб чиқилган.
Рейтингга дунёнинг 102 давлати киритилган. Рўйхатнинг энг юқорисида Швейцария жойлашган бўлиб, бу мамлакат фуқароси бир миллион доллар ишлаб топиши учун 14 йил ва 3 ой кифоя қилади. Иккинчи ўринни 16 йилу 11 ойлик кўрсаткич билан Сингапур эгаллаган. Люксембург аҳолиси бу борада узоқроқ вақт меҳнат қилишига тўғри келади — 17 йилу 4 ой. Кучли бешликка АҚШ (19 йил 10 ой) ва Исландия (20 йил 11 ой) ҳам киритилган.
Рейтингда бошқа давлатлардан Россия 60-ўринни эгаллаган. Мамлакатда ўртача иш ҳақини олиб, 136 йил-у 10 ойда миллион доллар ишлаб олиш мумкин. Арманистон 63-ўрин (148 йилу 8 ой), Беларусь 68-ўрин (165 йилу 10 ой), Қозоғистон 69-ўрин (171 йил), Грузия 70-ўрин (172 йилу 8 ой), Озарбайжон 87-ўрин (228 йилу 8 ой) ва Ўзбекистон 91-ўринда (277 йилу 8 ой) қайд этилган. Яъни ўзбекистонлик бир миллион доллар топиши учун ўртача ҳисобда 277 йилу 8 ой тер тўкиши керак бўлади.
Шунингдек, Нигерия (519 йилу 1 ой), Уганда (523 йил 3 ой), Миср (603 йил 6 ой) ва Покистон (621 йилу 3 ой) аҳолиси миллион доллар ишлаб топиши учун 500 йилдан ортиқ вақт керак бўлади.