“Ўзбеккосмос” Афғонистоннинг Қўштепа каналидаги “авария” бўйича маълумот берди (фото)

Олам

image

Аввалроқ, Афғонистонда “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа каналида биринчи жиддий "авария" юз бергани ҳақида хабар бергандик.  

“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳам бу ҳақдаги ўз маълумотларини тақдим этди.

Унга кўра, “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа каналидан катта ҳажмда сув сизиб чиққани ҳақидаги хабари турли фазовий ўлчам аниқлигидаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилган. Агентлик канал қурилиши динамикасини космик мониторинг орқали мунтазам кузатиб, қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда ўтган йилнинг май ойидан бошлаб ерости сизот сувларининг кўтарилганини аниқлаган.

"Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида, 2023 йил 10 октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган. Космик мониторинг натижасида 2023 йил 4 ноябрь куни Қўштепа каналининг 75,6-километрида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 км кв, 25 ноябрда – 23,8 км кв, 13 декабрь ҳолатига эса 30,3 км кв ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган", дейилади “Ўзбеккосмос”нинг таҳлилида.  

Экспертлар фикрича, ушбу ҳолат канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмагани натижасида юзага келган. Ўз навбатида, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ерости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-километрида сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганини таъкидламоқда.

Қўштепа канали қурилиши динамикасининг космик мониторинги иншоотнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмагани, дарёга уланиш жойида ҳозирда 20 м га яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ўта юқори аниқликдаги космик суратларнинг таҳлили натижасида сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилганининг (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) визуал белгилари аниқланмади.

Бундан ташқари, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганини кўрсатмоқда. 

"Шундай қилиб, ўтказилган таҳлиллар интернет тармоғида тарқатилаётган “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилгани тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмаслигини, сизиб чиққан сув сизот сувлари эканлигини тасдиқлайди", дея хулоса қилган агентлик мутахассислари.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон авария Қўштепа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг