“Ўзбекконцерт”нинг янги раҳбари ишни Аваз(бек) Олимовга тушунтириш хати ёздиришдан бошлади

Маданият-санъат

image

Жорий йилнинг 10 июнь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланган Алишер Жамолдинов ишни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимовга тушунтириш хати ёздиришдан бошлади. Буни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Telegram’даги каналида тарқатилган сурат тасдиқламоқда. 

Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Ўздбекистонда  хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимов иштирокидаги видео тарқалган эди. Унда хонанда тўйда навбат берган бошловчини ёнига чақириб, исмини Аваз эмас, Авазбек деб эълон қилиниши кераклигини айтган ва бошловчини ҳақорат қилган. Айни вақтда тўйхонага ўрнатилган овоз кучайтиргич ишлаб тургани боис хонанда ва бошловчи ўртасидаги суҳбат меҳмонларга ҳам эшитилган. QALAMPIR.UZ ушбу ҳолат анча аввал содир бўлгани, қолаверса, бунда икки киши ўртасидаги ўзаро суҳбат акс этгани боис уни оммага тақдим этишни тўғри деб билмади. Аммо, бунинг ортидан бонг урган ОАВлар ҳам топилди. 

“Ўзбекконцерт” эса эскилик сарқити бўлган тушунтуриш хати каби бюрократик анъаналарни четга сурмай, яна ўша йўлни тутди. Маданият вазирлиги томонидан тарқатилган хабарда шундай дейилади: 

“Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимов ҳақидаги видеога аниқлик киритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда "Ўзбекконцерт" ДМ санъаткор Авазбек Олимовдан тарқалган видео юзасидан изоҳ сўради. Авазбек Олимов ҳақиқатан ҳам хунук ҳолат содир бўлганини тан олди. Йўл қўйган хатосини инкор этмасдан, ўз тушунтириш хатида бу ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги  ваъда берди.

 Авазбек Олимовга қаерда, қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ўзини маданият соҳаси вакилига муносиб тутиши лозимлиги уқтирилди”, дейилади хабарда.  

Во ажаб! “Ўзбекконцерт” каби ташкилотлар бундай майда масалалар билан шуғулланмасдан, санъаткорларни элакдан ўтказадиган тузукроқ ишларни амалга оширса, шундоқ ҳам маданиятсиз санъаткор қолмайди, тушунтириш хатларига қоғоз сарфланмайди. Қизиқ, "Ўзбекконцерт" бутун бошли Ички ишлар тизимини ҳақорат қилган Юлдуз Усмоновадан ҳам тушунтириш хати олдимикан? 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекконцерт Алишер Жамолдинов Авазбек Олимов

Баҳолаганлар

706

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг