“Ўзбекконцерт”нинг “қорин оғриғи” деб “Миллион”нинг концертлари қолдириладими?

Маданият-санъат 14635
image

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси “Миллион” жамоасига 187.727.980 сўм қарздорлик бўйича тўловларни жорий йилнинг 16 июлига қадар амалга оширмаса, жамоа билан тузилган лицензия шартномаси бекор қилиниши бўйича расмий огоҳлантириш хати юборгани ҳақида хабар берган эдик. 

“Ўзбекконцерт”нинг тўсатдан бундай огоҳлантириш билан чиқиши ва 187 миллионлик бож ҳақида шу кунгача миқ этмагани шубҳали, албатта. 

Шу кунларда эса “Миллион”нинг Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Жиззах ва Шаҳрисабз шаҳарларида концерт дастури кутилаётган эди. Вилоятларда “Миллион”нинг концертига чипталар сотуви бошланган бир пайтда“Ўзбекконцерт”нинг “Миллион” лицензия учун тўловларни амалга оширмаса, лицензия шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантириши “концерт бўлмаса керак”, деган шубҳа-гумонларни уйғотди. Ижтимоий тармоқларда “Миллион”нинг концертига чипта олганини айтиб, энди буёғи нима бўлишини сўраб мурожаат ёзганлар ҳам бўлди. 

Хўш, “Ўзбекконцерт”нинг шундай “қорин оғриғи” бор экан, концерт эълон қилиниб, кўчалар афишаларга тўлгунча қаерда эди? Жамоа ва муассаса ўртасидаги олди-бердидан нега оддий томошабин зарар кўриши керак? Ҳолбуки, муассасанинг вилоятлар бўйлаб концерт берилаётганидан хабари бўлган. Агар хабари бўлмаган бўлса, демак муассасасанинг дарди фақат пул бўлиб қолган. 

“Миллион” жамоаси аъзоси Даврон Кабулов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида концерт бўйича барча гап-сўзларга ойдинлик киритди. Унинг маълум қилишича, вилоятлардаги концертлар қолдирилмайди. “Миллион” лицензия пулини тўлашни бошлаган. 

“Миллион” жамоасининг Наманган, Жиззах, Андижон, Фарғона, Бухоро, ва Шаҳрисабз шаҳарларига мўлжалланган гастроль сафарлари бекор қилиниши ҳақидаги хавотирлар асоссиз. “Ўзбекконцерт” ДМ томонидан 2,5 баробар ошириб қўйилган божларни тўлаш бугундан бошланди. “Миллион” жамоаси лицензия йиғими ва уни кўриб чиқиш учун олинадиган божлар, ҳар бир сеанс учун тўланадиган бир марталик концерт-гастроль рухсатномаси йиғими ва умуман, даромад солиғи, пенсия, мактаб, автомобиль йўлларини таъмирлаш фондлари йиғимлари, ҚҚС ва бошқа мажбурий тўловларни тартибли солиқ тўловчи сифатида кечиктирмаган ва тўлашни давом эттиради”, деб ёзади Даврон Кабулов. 

“Ўзбекконцерт”нинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сонли қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи томонидан жорий йилнинг 25 июндаги навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси ва унинг ташқарисида концерт дастурларини мунтазам равишда ўтказиб келаётганлиги боис “Миллион” гуруҳининг доимий аъзоларига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берувчи лицензия рейтингининг 2-гуруҳи берилиб, уларнинг ҳар бирига йиллик 19 867 540 сўмдан давлат божи учун тўловларни амалга оширилиши белгиланган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 273
Рейтинг: 3
t
×
×