“Ўзбекконцерт” бепул лицензия тизимини йўлга қўймоқчи. Ўхшармикин?

Маданият-санъат 4971
image

Маданият ва санъат вакиллари, санъаткорлар доим эл назарида бўлиб келган. Худди шу қаторда улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона орган – “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фаолияти ҳам доимий равишда диққат марказида. Аммо, сўнгги вақтларда ташкилот фаолиятида турғунлик кузатилаётгандек. “Ўзбекконцерт” фақат лицензия бериш ва уни олиш билан шуғулланувчи ташкилотга айланиб қолгандек. Бугун, 28 январь куни куни муассасада бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу масалалар ўртага ташланди. Ташкилот раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров янги йилдаги режаларни очиқлади. 

Абдуқаҳҳоровнинг қайд этишича, эндиликда истеъдодли талабалар ва ҳақиқий овоз эгалари учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига тегишли овоз ёзиш студиялари ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари бепул тарзда хизмат кўрсатиши йўлга қўйилади. 

Шунингдек, истеъдодли талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муассаса томонидан биринчи маротаба ўз фаолиятини қонуний асосда бошлаш учун бепул лицензиялар тақдим этилади.

Жумладан, йиғилишда қатнашаётган махсус рухсатнома-лицензияси бўлмаган талабаларга белгиланган тартибда бир йил муддатгача бепул лицензиялар берилиши айтилди. 

Қолаверса, жамиятда ўзини фаол кўрсатаётган, турли маданий концерт тадбирларида муносиб иштирок этаётган, санъатимизни тарғиб қилишда жонкуярлик кўрсатаётган истеъдод эгаларини санъат ва маданият оид олийгоҳларга ўқишга киришлари учун тавсиялар бериб борилиши маълум қилинди. 

“Ўзбекконцерт” дастур муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров лицензия масаласидаги саволларга жавоб бераркан, қуйидагиларни маълум қилди: 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг асосий фаолияти фақатгина хонандаларнинг лицензиясини олиш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, янги, ёш истеъдодларни излаб топиш, уларнинг фаолиятини тўғри йўналтириш ҳамда одоб-аҳлоқ меъёрлари асосида фаолият юритишларини таъминлаш, шунингдек, ҳақиқий ўзбек миллий санъатини келажак авлодга бутунлигича етказиш ва бутун дунёга тарғиб этишдан иборатдир”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 3.1
t
×